Хавфсиз маҳалла тинч ҳаёт кафолатидир
Сўнгги йилларда жиноятчиликнинг олдини олиш, маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш, профилактика ишларини янги босқичга олиб чиқиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўзининг амалий самарасини бермоқда.
Президентимиз раҳбарлигида ички ишлар, прокуратура, маҳалла ва бошқа масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш, жойларда манзилли ишлаш тизимини йўлга қўйиш, ҳар бир ҳудуднинг криминоген ҳолатини чуқур таҳлил қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлат раҳбарининг 2026 йил 5 январда қабул қилинган “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуруламалдир.
Мазкур қарор асосида Бухоро вилоятида ҳам маҳаллаларда хавфсизликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳоли билан ишлаш самарадорлигини ошириш бўйича янги механизмлар жорий этилди. Хусусан, жорий йилнинг 27 январь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз томонидан ҳудудларда ҳали ечимини кутаётган масалалар очиқ танқидий руҳда таҳлил қилиниб, мутасаддилар олдига аниқ вазифалар қўйилди.
Бухоро вилояти Вобкент туманида содир этилган жиноятлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20 фоизга камайган. Ҳар 100 минг нафар аҳолига нисбатан жиноятчилик кўрсаткичи 15 тани ташкил этмоқда. Албатта, фирибгарлик, енгил тан жароҳати етказиш, йўл-транспорт ҳодисалари каби ҳолатлар ҳали ҳам кузатилмоқда.
Тумандаги маҳаллаларда “маҳалла еттилиги” ҳамкорлигида манзилли ишлаш тизими йўлга қўйилган. Профилактика инспекторлари, маҳалла раислари, хотин-қизлар фаоллари, ёшлар етакчилари ва бошқа масъуллар ҳар куни ҳудуддаги вазиятни таҳлил қилиб, муаммоларни жойида ҳал этишга ҳаракат қилмоқда.
Жумладан, Вобкент туманида жорий йилнинг биринчи чораги якунига кўра, қизил тоифадаги маҳаллалар қолмагани эътиборлидир. 39 та маҳалладан фақат 2 таси сариқ тоифада қайд этилган. Бу эса ҳудуддаги профилактик чоралар самарадорлигини англатади.
Амалий ишлар туман марказидаги Чармгарон маҳалласида, айниқса, сезилмоқда. Ушбу маҳаллада 18 та кўча, 1660 та хонадонда қарийб 6 минг нафар аҳоли яшайди. Шунингдек, 5 та умумтаълим мактаби, 19 та мактабгача таълим муассасаси, 2 та бозор, 1 та саноат зонаси ҳамда 300 га яқин савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари мавжуд. Табиийки, бундай йирик ҳудудда хавфсизликни таъминлаш катта масъулият талаб қилади.
Шу мақсадда маҳаллада “Ижтимоий профилактика” тизими йўлга қўйилди. Жами 259 та хулоса шакллантирилиб, биринчи чоракнинг ўзида 159 таси ижобий ҳал этилди. Муаммолар тегишлилигига қараб ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, солиқ инспектори, профилактика инспектори ва ижтимоий ходимларга бириктирилди.
[gallery-29081]
Маҳаллада рақамлаштириш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Айни пайтда 200 та видеокамера ўрнатилган бўлиб, уларнинг 33 таси кузатув, 19 таси шахсни таниб олувчи, 15 таси эса автотранспорт давлат рақамларини аниқловчи қурилмалардир. Бу каби замонавий технологиялар жиноятларни тезкор фош этиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, оилаларда соғлом муҳитни шакллантириш, ёшларни тўғри йўлга бошлаш борасидаги ишлар ҳам ижобий натижа бермоқда. Чунки тинч оила барқарор жамиятнинг асосидир. Аҳолининг ижтимоий муаммолари ўз вақтида ҳал этилса, жиноятчиликка сабаб бўлувчи омиллар ҳам бартараф этилади.
Президентимиз раҳбарлигида жорий этилаётган янги тизимлар маҳаллаларда осойишталикни мустаҳкамлаб, аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, “Хавфсиз маҳалла” тамойили ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани юртимиз тинчлиги ва халқимиз хотиржамлигининг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.