"Uzcosmos" халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда
Бугунги кунда космик соҳадаги рақобат ва технологик тараққиёт давлатлардан нафақат ички салоҳиятни, балки халқаро ҳамкорликни ҳам изчил ривожлантиришни талаб этмоқда. Шу маънода, Ўзбекистоннинг космик соҳадаги саъй-ҳаракатлари глобал майдонда ўз ўрнини мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятли.
"Uzcosmos" агентлиги раҳбарияти “China Space Day 2026” халқаро форуми доирасида қатор ҳамкор ташкилотлар билан учрашувлар ўтказди.

Хусусан, Хитой Миллий космик администрацияси (CNSA), Осиё-Тинч океани космик ҳамкорлик ташкилоти (APSCO), “Роскосмос” давлат корпорацияси, шунингдек, Star.Vision, CGWIC, CASC ва CAST компаниялари вакиллари билан музокаралар олиб борилди.
Учрашувлар давомида космик соҳада йирик ва тизимли лойиҳаларни амалга ошириш, сунъий йўлдошларни ишлаб чиқиш ва учириш, илмий-тадқиқот фаолиятини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Музокараларда Ерни масофадан зондлаш бўйича миллий сунъий йўлдошлар гуруҳини яратиш истиқболлари кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, Хитойнинг Star.Vision компанияси томонидан ишлаб чиқилаётган ва жорий йил май ойида учирилиши режалаштирилган “Самарқанд 2028” сунъий йўлдоши лойиҳаси бўйича тайёргарлик ишлари ҳамда мазкур йўлдош учун Ўзбекистон томонидан яратилаётган сунъий интеллект модулини интеграция қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, Хитойнинг илғор олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма таълим дастурлари, илмий алмашинув ва стажировкаларни йўлга қўйиш имкониятлари ҳам ўрганилди.
Ушбу учрашувлар Ўзбекистон космик саноатида йирик истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ва миллий космик салоҳиятни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Н.Раҳмонова, ЎзА