Девонанинг орзуси
Ҳар ким учун ўз туғилган маскани, албатта қадрли. Айниқса, кўз очиб таниган одамлари у учун Ватан деб аталмиш муқаддас заминнинг бир бўлаги. Бироқ, Ватанга бўлган муҳаббатнинг ҳам ўзига хос ўлчовлари мавжуд. Масалан, кимдир ёт юртларда яшашига тўғри келган-у, ватанига бўлган муҳаббати заррача ҳам сўнмаган. Кимдир эса ҳар қандай ҳолатда ҳам ватанини тарк этмайдиган даражада муҳаббатли ва садоқатли. Бироқ, икки ҳолатда ҳам айбдор йўқ. Яъни, бир-бири билан таққослаш ноўрин.
Халқимиз шу қадар даҳоки, ундаги мақол-у ҳикматлар ҳақиқатнинг бор чиғириғидан ўтган. Хусусан, “Булбул чаманни севар, одам - ватанни” деган оддий мақолда улуғ ҳақиқат мужассам. Дарҳақиқат, булбул учун чамангина муҳим. Унинг қаерда бўлиши эмас. Инсон учун эса фақат киндик қони тўкилган гўшасигина ҳақиқий Ватан. Бу ҳақиқатни ҳаққоний ва таъсирчан тасвирлаш эса адабиёт олдидаги энг асосий вазифа. Яхшиямки, ўзбек адабиётида бундай муқаддас вазифани адо этолган ижодкорлар ва асарлар етарлича. Ана шундай асарлардан бири Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзамнинг “Танҳо қайиқ” ёки “Девонанинг орзуси” драмасидир.
Ушбу асар Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ воқеа-ҳодисаларни ўз ичига олади. Ундаги қаҳрамонлар бир вақтнинг ўзида инсониятнинг ижобий ва салбий иллатларини, давр фожиасини кўрсатиб берувчи восита сифатида гавдаланади.

Масалан, бош қаҳрамон - Орол бобо. Муаллиф топилмасини қарангки, бош қаҳрамон сифатида ёши бир жойга бориб қолган чолни танлайди. Устига-устак исми ҳам Орол. Орол денгизи қуригач, у ерда яшовчи кишилар бирин-кетин у ерни тарк этади. Фақат саҳро, қум ва одамлардан қолган пастак-пастак кулбалар. Ҳар бирининг томида биттадан қайиқ. Бу қайиқларни шахсан Орол бобо ясаган. Ҳозир денгиз қуриган, одам зоти йўқ бўлса-да, Орол бобо ҳамон қайиқ ясашда давом этади. У бир кун денгиз тўлишига, яна қайиқларда сузиб юришларига астойдил ишонади. Шогирдларини ҳам шунга ишонтиради. Бироқ, денгиз қайта тўлишига ишонмаган шогирдлар ҳеч бўлмаса, устозлари денгизда сувни кўриши учун бир нарса ўйлаб топиш лозимлиги ҳақида бош қотиради. Шунда Амитбой овулдаги бари шишаларни денгизга олиб келишни, шунда у сув каби кўринишини таклиф беради. Бу амалга ошгач, Орол бобо ҳам ҳаётдан кўз юмади.
Асарнинг иккинчи номи сифатида “Девонанинг орзуси” деган сарлавҳа танланиши ҳам бежиз эмас. Чунки Орол бобони бутун умр ҳамма мазах қилди. Ўз фарзандлари ҳам ҳатто мияси айниган чол сифатида таҳқирлашди. Бироқ, Орол бобо ўзи учун бу дунёда денгизда сувни кўриб кетди. Гарчанд у сув бўлмаса-да. Бироқ, девонанинг орзуси қайсидир маънода бугун амалга ошмоқда. Негаки, Оролбўйи ҳудудлари тобора обод гўшаларга айлантирилмоқда. Хусусан, Мўйноқ барчанинг наздида унутилган ҳудуд мақомига келиб қолган эди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган экологияга доир ислоҳотлар натижаси ўлароқ, мазкур маскан юртимизнинг энг обод гўшаларидан бирига айланиб бормоқда. Хулоса қилиб айтганда, асарда кўтарилган мавзу, илгари сурилган ғоялар бугунги куннинг илдизи. Дарахт эса бугун мева бермоқда.
Шербек Исломов,
ЎзА