Давра суҳбати: Медиа экспертлар ва олимлар ўзаро фикр алмашди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Коммуникациялар департаменти ташаббуси билан медиа экспертлар, олимлар ҳамда масъул мутасаддилар иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Видеоконференцалоқа тизими орқали гибрид форматда ташкил этилган мулоқотда республикамизнинг турли ҳудудларидан медиа экспертлари ва олимлар онлайн тарзда иштирок этди.

Учрашув мамлакатимиз медиа маконини янада ривожлантириш, соҳада мавжуд долзарб муаммоларни муҳокама қилиш ҳамда уларнинг амалий ечимлари юзасидан таклифларни ишлаб чиқишга бағишланди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган байрам табригида белгиланган устувор вазифалар ижроси юзасидан фикр алмашилди.

Давра суҳбати давомида медиа экотизимини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, ахборот маконида ишончлилик ва фактчекинг маданиятини мустаҳкамлаш, медиа тадқиқотларини кенгайтириш, журналистика ва илм-фан интеграциясини кучайтириш, медиа соҳасида инновацион ёндашувларни қўллаш ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси фаолиятини такомиллаштириш бўйича медиа экспертлар ва олимларнинг амалий таклифлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, иштирокчилар аудиовизуал журналистика муаммолари, фейк хабарларни аниқлаш ва уларга қарши самарали механизмларни жорий этиш, аҳоли ҳамда ёшларнинг медиасаводхонлигини ошириш, контент когенерацияси жараёнлари, иқлим ўзгаришига мослашиш мавзуларини оммавий ахборот воситаларида ёритиш, дата журналистика, сунъий интеллект технологияларидан масъулиятли фойдаланиш, фактчекинг, рақамли коммуникациялар, медиа тадқиқотлари ва халқаро медиа стандартларини миллий амалиётга интеграция қилиш юзасидан илмий-амалий таклифларни илгари сурди.

Медиа таълимини кучайтириш, илмий ёндашувларни амалиёт билан уйғунлаштириш, таҳлилий журналистикани ривожлантириш, ёш журналистларни қўллаб-қувватлаш ҳамда соҳа вакиллари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Таъкидланганидек, учрашув давомида билдирилган барча таклифлар умумлаштирилиб, келгусида медиа маконини ривожлантириш ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқишда инобатга олинади.
Н.Усмонова,
ЎзА