Халқаро ҳамкорлик ва глобал тажриба – аҳоли саломатлиги хизматида
Бугунги кунда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини жаҳон андозалари даражасига кўтариш ва соҳага илғор хорижий тажрибаларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада Миллий тиббиёт маркази томонидан дунёнинг етакчи клиникалари ҳамда илмий-тадқиқот марказлари билан ўрнатилаётган истиқболли ва кўп томонлама ҳамкорлик алоқалари муҳим аҳамият касб этмоқда.
Яқинда Миллий тиббиёт марказига Германия ва АҚШнинг нуфузли тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган етакчи халқаро мутахассислар ташриф буюрди.
Дюссельдорф университети профессори, анестезиология ва интенсив терапия бўйича таниқли мутахассис, профессор Тимо Брандебургер ҳамда WKK Kaiserslautern клиникасининг кардиожарроҳлик ва интенсив терапия бўйича етакчи мутахассиси, доктор Инна Каммерердан иборат делегация марказнинг иш жараёни ва мавжуд шароитлари билан атрофлича танишди.
Ташриф доирасида Миллий тиббиёт маркази шифокорлари хорижий экспертлар билан мулоқот олиб бориб, замонавий тиббиётнинг энг долзарб йўналишлари, хусусан, анестезиология, кардиожарроҳлик ва реанимация соҳаларидаги янгиликлар юзасидан атрофлича фикр алмашди. Учрашувда мураккаб клиник ҳолатлар, илғор даволаш усуллари ҳамда истиқболдаги ҳамкорлик режалари қизғин муҳокама қилинди.
Халқаро ҳамкорлик доирасидаги манзилли ва амалий мулоқотлар нафақат юзма-юз учрашувлар, балки замонавий рақамли технологиялар ва телемедицина имкониятларидан унумли фойдаланган ҳолда изчил давом эттирилмоқда.
Айнан шундай тадбирлардан бири сифатида Миллий тиббиёт маркази неврологлари ва нейрожарроҳлари иштирокида Германиянинг нуфузли Эссен университети Неврология клиникаси директори, профессор Клайншниц билан онлайн-телеконференция ташкил этилди.
Миллий тиббиёт маркази директори ўринбосари томонидан очиб берилган ушбу нуфузли мулоқот давомида икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, илмий-амалий тажриба алмашиш ва соҳага инновацион даволаш стандартларини жорий этиш масалалари кўриб чиқилди. Муҳокамаларнинг марказий мавзуси – Паркинсон касаллигини эрта ташхислаш ва уни замонавий усуллар ёрдамида самарали даволаш технологиялари бўлди.
Эътиборлиси, телеконференцияда Миллий тиббиёт маркази директори Мақсуд Саидов ҳам шахсан иштирок этиб, профессор Клайншницни марказ фаолияти билан яқиндан танишиш ва қўшма лойиҳаларни муҳокама қилиш учун Ўзбекистонга таклиф этди. Томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш, ҳамкорликда илмий ва клиник тадқиқотларни амалга ошириш бўйича бир овоздан якдил эканликларини билдирди.
Миллий тиббиёт маркази томонидан амалга оширилаётган бу каби тизимли ва кенг миқёсли халқаро тадбирлар шунчаки ташриф ва учрашувлар бўлиб қолмай, мамлакатимиз тиббиётига, хусусан, неврология ва нейрохирургия соҳаларига энг замонавий, жаҳон тан олган тажрибаларни жорий этишда муҳим дебоча бўлиб хизмат қилаётир.
Халқаро тиббиёт ҳамжамияти билан йўлга қўйилган бу каби мустаҳкам ҳамкорлик замирида ягона ва эзгу мақсад – юртимиз аҳолисига дунё стандартлари даражасида юқори технологияли, аниқ ва самарали тиббий ёрдам кўрсатиш мужассамдир.
Моҳигул Қосимова, ЎзА