Наманганда тиббий хизмат даражаси қандай?
Бугунги кунда Наманган вилоятидаги мавжуд 245 давлат ва 550 дан ортиқ хусусий муассасаларда бир кунлик амбулатор қатнов 50 минг, йиллик кўрсаткич эса, 542 минг кишига тўғри келмоқда. Бу эса, аҳолининг тиббиётга бўлган ишончи ортиб бораётгани, соҳа тубдан ривожланаётганлигини англатади.
Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан оммавий ахборот воситалари ходимлари ва ижтимоий тармоқлар фаоллари иштирокида ташкил этилган брифинг тиббиётда олиб борилаётган ислоҳотлар, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, тизимни янада такомиллаштириш ҳамда мавжуд муаммоларни аниқлашга қаратилди.
Даставвал, бошқарма бошлиғи – вилоят бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори Аброр Алижонов фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш ҳолатига эътибор қаратди. Кейинги йилларда шифо масканларининг салоҳияти юксалди, моддий-техник база анча мустаҳкамланди. Илгари чет элларда ёки пойтахтимизда ўтказилган мураккаб жарроҳлик амалиётлари эндиликда вилоят ҳамда унинг шаҳар, туманларига кўчди. Қолаверса, хорижлик етакчи мутахассисларнинг Наманганда юқори малакали тиббий хизмат кўрсатиши хайрли анъана тусига кирди.
Демак, “Тиббиётдаги ислоҳотлар инсон учун!” тамойили асосида юз бераётган ижобий ўзгаришлар натижасида хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлиги ошмоқда. Хўш, бундан одамлар қанчалик нафланмоқда. Халқимиз бугунги тиббий хизматлардан розими?

Рақамларга тўхталадиган бўлсак, Президент Виртуал қабулхонаси орқали келиб тушган тиббиётга оид мурожаатлар 2026 йилнинг январь-июнь ойларида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 221 тага кўпайган. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига юборилган мурожаатлар эса, 154 тага ошган. Яъни, 2025 йилнинг олти ойида 201 та эди, жорий йил мос даврида 354 тага етган.


Лекин, бу рақамлардаги ўсиш асосан даволашда амалий ва моддий ёрдам сўраш ҳамда имтиёзли даволаниш учун ордер олиш бўйича кузатилган. Ваҳоланки, ногиронлик гуруҳи масаласи, дори-дармон таъминоти, кадрлар масаласи бўйича мурожаатлар аввалги даврга нисбатан сезиларли равишда камайган. Жумладан, ўтган йили тиббиёт ходимларидан шикоятлар 110 та бўлган бўлса, жорий йил 6 ойида бу кўрсаткич 84 тани ташкил қилмоқда. Қайд этиш даркор, тиббий хизматларга доир мурожаатлар Наманган шаҳри, Янги Наманган, Давлатобод, Поп, Чортоқ ва Тўрақўрғон туманларида аввалги йилдагидан анча ортган.

Вилоятда соғлиқни сақлаш юзасидан билдирилаётган ҳар бир мурожаатнинг ортида инсон саломатлиги, унинг дардига дармон бўлиш, умри давомийлигини таъминлашдек ғоят муҳим вазифа мужассам. Келгусида нафақат аҳоли мурожаатлари ўрганилади, балки ҳудудларга бориб, одамларнинг муаммолари таҳлилига бағишланган сайёр қабуллар сони оширилади, юзма-юз мулоқотлар ўтказиш одатга айланди. Зотан, одамлар бугунидан рози бўлиб яшашлари керак.

Брифинг якунида, аҳолининг таклиф ва мулоҳазаларини ўрганиш, юзага келаётган муаммоларни ижобий ҳал этиш, мавжуд камчиликларни бартараф этишда ўзаро ҳамкорлик ижобий самара бериши таъкидланиб, бу борада журналистлар ва блогерлар билан алоқалар янада мустаҳкамланиши қайд этилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.