Давлат харидлари соҳасида 10 мингдан ортиқ кадр тайёрланади
Президентимизнинг 2026 йил 4 февралдаги «Маҳаллий ишлаб чиқариш ва саноат кооперациясини янги тизим асосида ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги ҳамда Банк-молия академияси ҳамкорлигида малака ошириш ва қайта тайёрлаш курслари изчил давом этмоқда.
Мазкур ўқув дастури маҳаллийлаштириш, инвестиция лойиҳаларини бошқариш, давлат харидлари тизимини такомиллаштириш ҳамда миллий иқтисодиётда юқори қўшилган қиймат яратиш йўналишларида фаолият юритаётган мутахассисларнинг касбий салоҳиятини оширишга қаратилган.

Жорий йилнинг 18 майидан бошлаб «Инвестицион лойиҳаларни бошқаришда маҳаллийлаштириш ва миллий иқтисодиётга қўшиладиган қийматни ривожлантириш» мавзусида қисқа муддатли курслар ташкил этилмоқда.
Ўқув машғулотлари Банк-молия академиясининг профессор-ўқитувчилари ва соҳада катта тажрибага эга амалиётчилар томонидан олиб борилмоқда. Дастур иштирокчиларга инвестиция лойиҳаларини самарали бошқариш, маҳаллийлаштириш имкониятларини кенгайтириш ва замонавий иқтисодий ёндашувларни амалда қўллаш бўйича билимлар беради.

—Курс давомида назарий билимлар амалиёт билан уйғунлаштирилмоқда. Шу мақсадда тингловчилар учун Республика товар-хом ашё биржаси, «Ўзавтосаноат» тизимидаги тадқиқот маркази ҳамда Олмалиқ кон-металлургия комбинатига амалий ташрифлар ташкил этилди, — дейди Банк-молия академияси Илмий ишлар ва халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Машҳурбек Жалолов. — Маълумот ўрнида айтиш жоиз, курслар 11 ҳафта давомида ўтказилиб, ҳар ҳафта ўртача 25 нафар тингловчи қамраб олинади.

Ҳозирга қадар 70 нафардан ортиқ мутахассис ўз малакасини оширди. Айни вақтда ўқув дастурининг навбатдаги босқичида лойиҳа офислари раҳбарлари ва мутахассислари иштирок этмоқда. Улар инвестиция лойиҳаларини бошқариш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирокини кенгайтириш ва давлат харидлари тизимида самарадорликни ошириш бўйича билимларини мустаҳкамламоқда.

Ушбу курсларнинг асосий мақсади маҳаллийлаштириш жараёнларини самарали ташкил этиш, инвестиция лойиҳаларида маҳаллий корхоналар иштирокини кенгайтириш ва юқори малакали кадрлар захирасини шакллантиришдан иборат.
Шунингдек, Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги томонидан келгусида давлат харидлари соҳасида 10 минг нафардан ортиқ мутахассисни ўқитиш ва қайта тайёрлаш режалаштирилган. Бундан ташқари, «Эл-юрт умиди» жамғармаси билан ҳамкорликда мутахассисларнинг хорижий стажировкаларда иштирокини йўлга қўйиш ишлари ҳам олиб борилмоқда.

Таҳлилчиларга кўра, бу каби ўқув дастурлари мамлакатда маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш, саноат кооперациясини кенгайтириш ва давлат харидлари тизими самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Ушбу йўналишдаги амалий ўқув курслари иқтисодиёт тармоқлари ва давлат бошқаруви органларида фаолият юритаётган кадрларнинг билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ўқув дастурининг муҳим йўналишларидан бири инвестиция лойиҳаларини таҳлил қилиш ва уларда маҳаллийлаштириш имкониятларини аниқлашга бағишланди. Тингловчилар маҳсулот номенклатураси, харид ҳажмлари, техник талаблар ва маҳаллий ресурслар салоҳиятини баҳолаш орқали юқори қўшилган қиймат яратиш имкониятларини ўрганди.

Курс якунларига бағишланган тадбирда Республика Банк-молия академиясининг Илмий ишлар ва халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Машҳурбек Жалолов ҳамда Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги директори ўринбосари Илҳом Пардаев иштирок этиб, тингловчиларни дастурни муваффақиятли тамомлагани билан табриклади.
Тадбир давомида мамлакат иқтисодиётида инвестицияларни самарали бошқариш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришда малакали кадрлар тайёрлашнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Ўқув дастурини муваффақиятли якунлаган тингловчиларга белгиланган намунадаги сертификатлар тантанали равишда топширилди.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА