Аҳмад Яссавий мероси - туркий халқларни бирлаштирувчи маънавий қадрият
Тошкентда буюк мутафаккир Аҳмад Яссавийнинг илмий-маънавий мероси ва унинг туркий давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги аҳамиятига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Анжуман Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси ҳамда Хожа Аҳмад Яссавий номидаги Халқаро қозоқ-турк университети ҳузуридаги Яссавий илмий-тадқиқот институти ҳамкорлигида ўтказилди.

Аҳмад Яссавий Марказий Осиёда ислом маърифати ва тасаввуф тараққиётига улкан ҳисса қўшган мутафаккир, мутасаввиф ва шоир сифатида туркий халқларнинг муштарак маънавий-маданий меросида алоҳида ўрин эгаллайди. Унинг номи билан боғлиқ «Девони ҳикмат» асари ва Яссавия тариқати ислом таълимотининг туркий тилда кенг ёйилиши, инсонпарварлик, бағрикенглик, маърифатпарварлик ҳамда маънавий камолот ғояларининг қарор топишида муҳим аҳамият касб этган.
Ушбу бой маънавий мерос асрлар давомида Марказий Осиё, Қозоғистон, Волгабўйи ва Анадолу ҳудудларида яшовчи туркий халқларнинг маънавий ҳаётига сезиларли таъсир кўрсатиб келмоқда. Туркистон шаҳрида жойлашган Хожа Аҳмад Яссавий мақбарасининг ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилгани ҳам бу тарихий обиданинг нафақат минтақавий, балки жаҳон маданий меросидаги юксак ўрнини намоён этади.

Конференциянинг асосий мақсади Аҳмад Яссавий ва Яссавия тариқатининг илмий-маънавий меросини замонавий тадқиқот ёндашувлари асосида ўрганиш, унинг туркий халқлар тарихий-маданий тараққиёти ва муштарак қадриятлар шаклланишидаги ўрнини очиб бериш, шунингдек, туркий давлатлар ўртасидаги илмий, маданий ва маънавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан иборат бўлди.
- Анжуман доирасида Аҳмад Яссавий меросининг тарихий аҳамияти, Яссавия тариқатининг турли минтақалар маънавий ҳаётига таъсири, бағрикенглик ва маърифатпарварлик ғояларининг бугунги кундаги долзарблиги, шунингдек, туркий халқлар ўртасидаги илмий-маърифий алоқаларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди, – деди Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси декани Ғайрат Расулов.
Конференция иши қатор шўъбаларда ҳам давом этди. Хусусан, «Аҳмад Яссавий мероси: тарихий манбалар, илмий тадқиқотлар ва замонавий методология», «Аҳмад Яссавий меросида комил инсон шахсиятини тарбиялашнинг аҳамияти», «Яссавий меросида туркий халқларнинг тарихий-маданий муштараклиги» ҳамда «Туркий давлатларнинг илмий-маърифий ҳамкорлигининг бугунги кундаги аҳамияти» мавзуларида фикр ва тажриба алмашилди.

Маърузалар ва муҳокамалар давомида Яссавий меросини чуқур ўрганиш, тарихий манбаларни илмий муомалага киритиш, унинг умуминсоний қадриятлар билан уйғун жиҳатларини кенг ёритиш, шунингдек, халқаро илмий алоқаларни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур йўналишлардаги ҳамкорликни кенгайтириш туркий халқларнинг муштарак тарихий хотираси ва маънавий меросини келажак авлодларга етказишда муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва бошқа туркий давлатлар ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, илмий ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришда муштарак тарихий хотира, маънавий мерос ва умумий қадриятлар муҳим ўрин тутади. Шу нуқтаи назардан, Аҳмад Яссавий меросини халқаро миқёсда тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилиш халқлар ўртасидаги дўстлик, ўзаро англашув ва ишончни мустаҳкамлаш, илмий-маданий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Шу маънода, мазкур конференция буюк мутафаккир меросини чуқур англаш, унинг бугунги жамият учун аҳамиятини очиб бериш ҳамда туркий давлатлар ўртасидаги маънавий ва илмий ҳамкорликни янада ривожлантириш йўлидаги муҳим илмий мулоқот майдони бўлди.
Н.Усмонова,
ЎзА