Сунъий интеллект ва ўқитишнинг замонавий усуллари
Қорақалпоғистон Республикаси Педагогик маҳорат марказида “Сифатли таълим: сунъий интеллект ва ўқитишнинг замонавий усуллари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Унда мамлакатимиздан, Қозоғистон, АҚШ, Россия, Филиппин ҳамда Буюк Британиядан ташриф буюрган олимлар, профессор-ўқитувчилар ва таълим соҳаси мутахассислари иштирок этишди.
Тадбир таълим тизимида сунъий интеллект ва рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш, замонавий педагогик ёндашувларни амалиётга жорий этиш, таълим сифатини ошириш ҳамда педагогларнинг касбий компетенцияларини ривожлантиришга қаратилди.

Конференция доирасида сунъий интеллект ва рақамли таълим имкониятлари, медиа ва ахборот саводхонлиги, замонавий ўқитиш методлари, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш ҳамда илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, таълим менежменти ва муассасаларни бошқариш, сифат менежменти тизимларини такомиллаштириш, педагогларнинг касбий маҳоратини ошириш, инклюзив таълимни ривожлантириш, ёш психологияси ва педагогик мулоқот маданиятининг долзарб жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди.

Конференциянинг муҳим йўналишларидан бири — ёш олимлар, тадқиқотчилар ва амалиётчи педагогларнинг илмий изланишларини қўллаб-қувватлаш, илғор тажрибаларни оммалаштириш, халқаро илмий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда таълим соҳасидаги инновацион лойиҳаларни ривожлантиришдан иборат бўлди.

Халқаро илмий-амалий конференциянинг пленар мажлисида маҳаллий ва хорижий олимлар, олий таълим муассасалари вакиллари ҳамда таълим соҳаси мутахассисларининг замонавий таълим, сунъий интеллект ва рақамли технологияларга оид маърузалари тингланди.
Анжуманда бешта шуъба фаолият юритиб, уларда таълимда сунъий интеллект ва рақамли технологиялардан фойдаланиш, тил ва адабиёт фанларини ўқитишнинг замонавий методлари, бошланғич таълимда халқаро тажрибани жорий этиш, инклюзив таълим ҳамда аниқ ва табиий фанларни ўқитишда педагогик маҳоратни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Ҳар бир шуъба модераторлар ва котиблар бошчилигида ташкил этилиб, олимлар, профессор-ўқитувчилар ҳамда таълим соҳаси мутахассислари ўз илмий изланишлари ва илғор тажрибалари билан ўртоқлашди.
— Бугунги кунда таълим сифатини ошириш, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар имкониятларидан самарали фойдаланиш, илғор халқаро тажрибаларни таълим амалиётига жорий этиш ҳамда педагогларнинг касбий маҳоратини изчил ривожлантириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур конференция мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш, янги педагогик ёндашувларни муҳокама қилиш ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилади, — деди Қорақалпоғистон Республикаси Педагогик маҳорат маркази директори Гулистан Қожабоева.

Халқаро илмий-амалий конференция доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Педагогик маҳорат маркази ва Чимкент университети ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган меморандум имзоланди. Мазкур ҳамкорликнинг асосий мақсади педагог кадрларнинг касбий маҳоратини ошириш, таълим сифатини юксалтириш, илғор халқаро тажрибаларни ўрганиш ва замонавий педагогик технологияларни таълим жараёнига жорий этишдан иборат. Меморандум доирасида педагогларнинг касбий ривожланишини қўллаб-қувватлаш, ўзаро тажриба алмашиш, илмий-амалий тадбирларни ташкил этиш, инновацион таълим методларини оммалаштириш ҳамда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш кўзда тутилган.

Халқаро илмий-амалий конференцияга ташриф буюрган хорижий меҳмонлар учун И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси Давлат санъат музейига саёҳат ташкил этилди.Саёҳат давомида меҳмонлар музейнинг ноёб санъат асарлари, бой экспозициялари ҳамда халқимизнинг бой маданий мероси билан яқиндан танишдилар. Меҳмонлар Қорақалпоғистоннинг бой тарихи, бетакрор санъати ва миллий қадриятларини яқиндан кашф этиш, халқаро маданий алоқаларни мустаҳкамлаш имконини берди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири