CNN асосчиси оламдан ўтди
Ахборот тарқатиш соҳасида инқилоб қилган инсон, CNN асосчиси Тед Тёрнер вафот этди. Таниқли арбоб, хайриячи сифатида эътироф этиладиган бу инсон 87 ёшда эди.
Роберт Эдвард Тёрнер 1938 йил 19 ноябрь куни Цинциннатида туғилган. 1980 йил 24 соат ишлайдиган илк симли янгиликлар каналига айланган CNN телекомпаниясига асос солган.
CNN воқеаларни асл вақт тартибида жонли ёритиш орқали анъанавий хабар етказиш тизимида инқилоб амалга оширди. Канал воқеа жойидан берган репортажлар орасида АҚШ Президенти Роналд Рейганга суиқасд уриниши, Челленжер коинот кемаси йўқ қилиниши, 1991 йилдаги “Чўл бўрони” амалиёти каби оламшумул ҳодисалар бор.

1991 йил “Time” журнали Тёрнерни дунё воқеалари ривожига таъсири учун “Йил одами” деб эълон қилган.
Шунингдек, у “Яхши ният ўйинлари” ташаббускори ва асосий ҳомийси сифатида ҳам танилган. Ядро қуролини бекор қилиш учун фаол курашган.
1996 йил CNN ва “Turner Broadcasting System” тузилмасининг бошқа каналларини “Time Warner” сотиб олди. Тёрнер янги жойда юқори бошқарув лавозимини эгаллади. 2001 йил компанияга AOL қўшилгач, у амалда бошқарувдан четлаштирилса-да, бирлашган компания вице-президенти лавозимини сақлаб қолди.

2003 йил Тёрнер вице-президентликдан ҳам истеъфо бериб, фақат директорлар кенгаши аъзоси бўлиб қолди. 2006 йил кенгашни ҳам тарк этди. Кейинчалик атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ядровий қуролсизланиш ва туғилишни назорат қилиш лойиҳаларига эътибор қаратди.
Улкан ер эгаси саналган Тед Тёрнер Қўшма Штатлардаги учинчи энг йирик заминдор шахс ҳисобланади. Унинг 1,2 миллион гектардан ортиқ ери бор. “Forbes” журнали маълумотига кўра, соф бойлиги 2,8 миллиард долларга баҳоланмоқда.
С.Раҳимов, ЎзА