Чорвачиликни ривожлантириш вазифалари белгиланди
Тошкент вилоятида чорвачилик соҳасида 2026 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишлар сарҳисоби ҳамда йил якунига қадар бажарилиши лозим бўлган устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Қарор ва ижро
Вилоят ҳокимлиги томонидан ташкил этилган тадбирда чорвачилик тармоғини ривожлантириш, чорва моллари бош сонини кўпайтириш, маҳсулдорликни ошириш, гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, соҳага замонавий технологияларни кенг жорий этиш ҳамда аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, кейинги йилларда ҳудудда чорвачиликни ривожлантиришга қаратилган тизимли чора-тадбирлар натижасида тармоқнинг ишлаб чиқариш салоҳияти тобора юксалмоқда. Айни пайтда вилоятда қорамоллар сони бир миллион бошдан ошган. Жорий йилнинг биринчи ярмида эса 166 минг тонна гўшт ва 564 минг тонна сут ишлаб чиқарилди. Бу кўрсаткичлар аҳолининг гўшт-сут маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш, ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлашда чорвачилик тармоғининг ўрни муҳим эканини кўрсатади.

Йиғилишда соҳа ривожини янада жадаллаштириш учун мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, ишлаб чиқариш жараёнларига илғор тажриба ва замонавий технологияларни татбиқ этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, чорвачилик тармоғига инвестицияларни кенг жалб қилиш, янги ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш қувватларини ташкил этиш, наслчилик ишларини такомиллаштириш, юқори маҳсулдор наслли чорва молларини кўпайтириш, озуқа базасини мустаҳкамлаш борасидаги вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, чорвачиликда замонавий технологиялардан фойдаланиш, жумладан, гидропоника усулида озуқа етиштиришни кенгайтириш орқали чорва учун сифатли ва тўйимли озуқа базасини яратиш масалаларига урғу берилди. Вилоятда йил якунига қадар амалга оширилиши режалаштирилган инвестиция лойиҳалари ижроси ҳам таҳлил қилинди. Таъкидланганидек, жорий йил давомида умумий қиймати 2 триллион сўм бўлган 252 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган.

Мазкур лойиҳалар доирасида гўшт ва сутни қайта ишлаш қувватларини ишга тушириш, мавжуд корхоналарнинг ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда чорвачилик маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ҳажмини ошириш режалаштирилган.
Йиғилишда наслчилик йўналишидаги ишларни кучайтириш ҳам долзарб вазифалардан бири сифатида қайд этилди. Юқори маҳсулдор наслли чорва молларини кўпайтириш, сунъий уруғлантириш ишларини жадаллаштириш, наслчилик хўжаликларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва улар фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича вазифалар белгиланди.
Шу билан бирга, чорвачиликнинг муҳим таркибий қисми бўлган озуқа базасини кенгайтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Озуқага мўлжалланган экин майдонларини кенгайтириш, серҳосил ва тўйимли озуқа экинларини етиштириш ҳажмини ошириш, мавжуд ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш зарурлиги таъкидланди. Тармоқда ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш билан бир қаторда, ички бозорда гўшт ва бошқа турдаги чорвачилик маҳсулотлари нархларининг барқарорлигини таъминлаш ҳам муҳим вазифа экани қайд этилди.

Президентимизнинг 2026 йил 5 августдаги “Чорвачилик тармоғи лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида“ги қарори бу саъй-ҳаракатларда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Мулоқотда соҳада мавжуд муаммоларни ҳудудлар кесимида ўрганиш, ҳар бир йўналиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаш ва уларнинг ижросини тизимли назорат қилиб бориш юзасидан масъулларга кўрсатмалар берилди. Йил якунигача амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
А.Мусаев,ЎзА