Чорвачиликда кластер самараси
ФОТОРЕПОРТАЖ
Давлатимиз раҳбари жорий йил 23 июнь куни Наманган вилоятига ташрифи доирасида Тўрақўрғон туманидаги “Наманган қўйчилик кластери” фаолияти билан танишган эди.
Мазкур лойиҳа Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 29 январдаги “Чорвачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида амалга оширилган.
Мажмуа негизида замонавий логистика хизмати, ветеринария ва сервис шохобчалари, шунингдек, маҳсулотларни тўғридан-тўғри сотишга мўлжалланган савдо нуқталарини барпо этиш режалаштирилган. Бу эса яхлит ва узлуксиз кластер занжирини яратишга хизмат қилади.
Жамият “Шоҳидон нурли диёри” ММТП ҳудудидаги 10 гектар майдонда жойлашган бўлиб, ҳозирда бу ерда 15 минг бош қўй парваришланмоқда. Жараёнда юқори маҳсулдорликка эга ва Қозоғистон, Тожикистон ҳамда Қирғизистондан келтирилган “Арашан”, “Ҳисор” ва “Адельбай” зотларини маҳаллий иқлим шароитига мослаштириш кўзда тутилган. Йил охирига қадар иш ўринлари сонини 280 тага, чорва бош сонини эса 50 мингтага етказиш режалаштирилган.
[gallery-30274]
Кластерда жорий этилаётган замонавий парвариш технологиялари ва илмий ёндашув гўшт етиштириш ҳажми ҳамда сифатини сезиларли даражада ошириш имконини беради. Технологик кўрсаткичларга кўра, хориждан олиб келинган 40–50 килограмм вазндаги қўйларни уч ой давомида интенсив усулда боқиш орқали уларнинг вазнини 100 килограммгача етказиш мумкин. Бу эса анъанавий чорвачиликка нисбатан маҳсулдорликни 45–50 фоизга ошириш имконини яратади. Лойиҳа тўлиқ қувват билан ишга тушгач, вилоятда йилига 35–40 минг тонна сифатли гўшт маҳсулоти ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. Бу, ўз навбатида, бозорларда гўшт нархи барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА