Фарғона вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
“Қўқон” эркин иқтисодий зонасининг Қувасой филиалидаги йирик саноат корхонаси - Корея Республикасининг “Hansae Mobility” компанияси билан ҳамкорликда автомобиль эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширилмоқда.
Айни кунларда қурилиш ишлари якунланаётган бўлиб, бир вақтнинг ўзида дастгоҳларни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

Қиймати 30 млн доллар бўлган лойиҳага кўра, биринчи босқичда 120 та, умумий ҳисобда 200 тадан зиёд иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Янги корхона 2026 йил якунига қадар ишга туширилади.

***
Ҳувайдо маҳалласида "Она уйи” ресурс маркази ташкил этилди.

Мазкур муассасада она ва болага ижтимоий ёрдам кўрсатилиши билан бирга онага касб-ҳунар ўргатилиб, ўз ҳаётини изга тушириши учун имконият яратилади.

Асосий мақсад ўзига бўлган ишончни йўқотган, ҳаётга қизиқиши сўнган оналарни жамиятга қайтариш, болаларни етимликдан асраш.
Ҳозирга қадар бу ерга 20 нафар она, 24 нафар бола жойлаштирилди.

Марказда яшовчиларга психологик, ҳуқуқий ҳамда тиббий ёрдамлар кўрсатилмоқда.
Оғир ижтимоий вазиятдаги аёллар “Она уйи”га “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази йўлланмаси асосида қабул қилинади.
***
Боғбон маҳалласи азалдан боғдорчиликка ихтисослашган бўлиб, аҳоли олма, гилос ва шафтоли етиштиришда бой тажрибага эга.

Бугунги кунда ҳудудда юқори даромад келтирувчи малина ва қора олхўри (ежевика) етиштириш янги иқтисодий драйверга айланмоқда.
Мазкур маҳаллада яшовчи Замирбек Абдувалиев бир гектар майдонда қора олхўри плантациясини ташкил этиб, жорий йилдан бошлаб юқори ҳосил ва даромад олишни бошлади. Унинг бир тупи ўртача 30 килограммгача ҳосил беради ҳамда унга ички ва ташқи бозорда талаб катта.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА