Чим устида хоккей баҳсларида Андижон ва Хоразм жамоаларининг шашти баланд
“Президент олимпиадаси” ўйинларининг чим устида хоккей баҳслари ўтказилмоқда. Ўғил ва қиз болалар жамоалари финал босқичида бош соврин учун кураш олиб бормоқда.
Кеча қиз болалар жамоалари ўртасидаги мусобақаларда Хоразм–Бухоро, Фарғона–Тошкент вилояти, ўғил болалар ўртасидаги ўйинларда Андижон–Навоий ҳамда Тошкент вилояти–Наманган жамоалари тўқнаш келди.

Илк кунги қизлар мусобақаларида фарғоналиклар Тошкент вилояти, хоразмликлар Бухоро жамоасидан устунликка эришди. Ўғил болалар жамоалари ўртасидаги ўйинларда эса Андижон вилояти терма жамоаси навоийлик тенгқурларини 5:2 ҳисобида доғда қолдирди. Наманган вилояти ва Тошкент вилояти терма жамоалари ўртасидаги баҳсда 2:2 ҳисобидаги дуранг натижа қайд этилди.

Бугун, 28 октябрь куни чим устида хоккей мусобақаларининг иккинчи кунида ўғил болалар ўртасида Тошкент вилояти – Навоий, Андижон– Наманган жамоалари рўбарў келса, қизлар мусобақасида Фарғона–Бухоро, Хоразм–Тошкент вилояти терма жамоалари куч синашади.
“Президент олимпиадаси” чим устида хоккей мусобақаларининг ғолиб ва совриндорлари эртага, 29 октябрь кунги ўйинлар натижасида аниқланади.
Т.Рўзиев,
ЎзА