Халқаро форумда Ўзбекистон спорт таълимидаги ўзгаришлар эътироф этилди
Пойтахтимизда ўтказилаётган “Марказий Осиё халқаро таълим форуми” доирасидаги тадбирларда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон спорт академияси Португалия олий таълим муассасаси вакиллари билан манфаатли ҳамкорлик масаласида келишувларга эришди.
Қирғизистон ва Тожикистон университетлари раҳбарлари билан ўтказилган учрашувлар давомида илмий-академик ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида халқаро тажриба алмашиш имкониятларини янада кенгайтириш лозимлигига эътибор қаратилди.
Форумда хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Ушбу келишувлар мамлакатимиз спорт таълим муассасаларининг халқаро алоқаларини мустаҳкамлаш, илмий салоҳиятини ошириш ва халқаро ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Форумда ва унинг доирасидаги тадбирларда иштирок этаётган Португалиянинг Jean Piaget Polytechnic Institute of the North (IPJPN) олий таълим муассасаси вице-президенти Паула Родригес пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси” мажмуалари билан яқиндан танишув асносида “Президент олимпиадаси” мусобақаларини кузатди.
Ўзбекистон спорт академияси мутасаддилари билан суҳбат жараёнида мамлакатимиз спортида юз бераётган ўзгаришлар, спорт таълимида ҳар жиҳатдан салоҳиятли мутахассисларни тайёрлаш тизимидаги саъй-ҳаракатларни эътироф этди.
Т.Рўзиев,
ЎзА