Ёш боксчиларимиз жаҳонда тенгсиз!
Черногориянинг Будва шаҳрида ёшлар ўртасида бокс бўйича ўтказилган жаҳон чемпионати ўз якунига етди.
Мусобақанинг ҳал қилувчи баҳсларида ҳамюртларимиз муносиб иштирок этиб, олтита финал жангининг тўрттасида ғалаба қозонди. Айниқса, йигитларимизнинг учта вазн тоифасида жаҳон чемпионлигига эришгани эътиборга молик.
Жумладан, -75 килограмм вазн тоифасида финалга чиққан Суҳроб Раҳматуллаев эронлик Муҳаммад Солиҳ Месбаҳига қарши рингга кўтарилди. Муросасиз кечган беллашувда ҳамюртимиз рақибидан 3:2 ҳисобида устун келиб, жаҳон чемпионати олтин медалига сазовор бўлди. Вазни -90 килограмм бўлган Асадбек Султонбоев эса украиналик Владислав Науменко билан рақобатлашиб якунда ҳакамларнинг якдил қарори билан 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва терма жамоамизга иккинчи олтин медални тақдим этди.
Ислом Салихов эса +90 килограмм вазн тоифасида қозоғистонлик Владислав Саможонов билан куч синашди. Жангда ҳар икки боксчи ҳам ғалаба учун бор имкониятини ишга солди. Ҳал қилувчи раундда ташаббусни қўлга олган Ислом якунда 4:1 ҳисобида зафар қучиб, жаҳон чемпионига айланди.
Қизлар ўртасидаги финал баҳсларида ҳам Ўзбекистон вакиллари муносиб натижалар қайд этди. -51 килограмм вазнда Назокат Мардонова америкалик Руби Лопесга қарши жангда 4:1 ҳисобида ғалаба қозониб, олтин медалга эга чиқди. Ҳамюртимиз беллашув давомида ҳужумкорлиги ва техник маҳорати билан ажралиб турди.
-70 килограмм вазнда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган Мафтуна Янгиева америкалик Марлей Макнеллига, -85 килограмм вазнда Сардорбек Баҳромхўжаев россиялик Кирилл Коршаковга имкониятни бой бериб қўйди ва кумуш медаль билан тақдирланди.
Шу тариқа мазкур нуфузли мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 4 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза — жами 8 та медални қўлга киритиб, юртимиз бокс мактабининг бой анъаналари ва ёш авлоднинг юксак салоҳиятини яна бир бор намоён этди.
Қувонарлиси, эркаклар терма жамоамиз йиллар давомида жаҳон боксида мустаҳкамлаб келаётган етакчилик анъанасини ёш боксчиларимиз ҳам муносиб давом эттирди. Йигитларимиз 3 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медалига сазовор бўлиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.
Қизларимиз ҳам ортда қолишмади. Улар 1 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медалини қўлга киритиб, терма жамоамизнинг умумий натижасига муносиб ҳисса қўшди.

Мазкур натижа ўзбек боксининг мустаҳкам пойдевори ва ёш истеъдодлар камолотидан далолат беради. Катталар ўртасидаги халқаро мусобақаларда ўз сўзини айтиб келаётган миллий бокс мактабимиз бугун ёшлар даражасида ҳам ўзининг муносиб давомчиларини тарбиялаётганини намоён этмоқда.
Энг муҳими, ёш боксчиларимизнинг жаҳон чемпионатидаги муваффақияти келгусидаги йирик халқаро мусобақалар, жумладан, катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатлари ва Олимпия ўйинларида янги ғалабалар учун замин яратади. Будвадаги натижалар эса ўзбек боксининг келажаги ишончли қўлларда эканини яна бир бор тасдиқлади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА