Буюк сўз заргари туғилган юртда
Бу йил Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов таваллуд топганига 97 йил тўлди.
Шу муносабат билан Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой туманидаги 43-сонли айрим фанлар чуқурлаштириб ўқитиладиган синфи бор умумий ўрта таълим мактабида буюк сўз заргари Ибройим Юсупов ижодига бағишланган маънавий-маърифий кеча бўлиб ўтди.

Тадбирда халқнинг қалб тўридан жой олган севимли шоирнинг қизи, Қорақалпоғистон тарихи ва санъати музейи директори Айжамал Юсупова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Алтингул Ўтениязова ҳамда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ёш шоира Соҳибжамол Сирғабаева меҳмон бўлди.
Сўзга чиққан шоира А.Ўтениязова қорақалпоқ адабиётининг 60 йилдан ортиқ вақт ижод қилиб, халқимизга бой адабий мерос қолдирганлигини, унинг келажакда ҳам халқимизнинг маънавий дунёсини бойитишга хизмат қилаверишини айтди ва шоир қаламига ва ўз ижодидан улуғ шоирга бағишлаб ёзган шеърларидан ўқиб берди.

Сўнг сўзга чиққан Айжамал Юсупова отаси Ибройим Юсуповни, унинг энг яхши фазилатларини, ўзининг касб танлаб, элга, халққа машҳур инсон бўлишида улуғ инсоннинг тўғри йўналтира олганлиги ҳақидаги жуда таъсирли хотиралари билан бўлишди. Ёш шоира С.Сирғабаева эса улуғ шоир И.Юсуповни ўзининг маънавий устози деб билиб, у билан олиб борган маънавий суҳбатлари ва бунинг натижасида яратилган асарларини ўқиб бериб, юракларни бироз тўлқинлантирди.

Шоир қаламига мансуб шеърлар ўқилиб, унинг куй-қўшиқларидан тайёрланган қизиқарли концерт дастури кечага ўзгача завқ бағишлади.
Кеча сўнггида мактаб директори Элмира Мамбеткаримова сўзга чиқиб, шоирнинг ижодидан таълим соҳасида ҳам фойдаланишнинг аҳамияти, унинг шеърлари бугунги каби ахборот технологиялари тез суръатларда ривожланган бир даврда ҳам бебаҳо эканлигини қайд этди.
Айнура Ўтениязова,
журналист.
ЎзА