“Айт, сен Аёзий шеърларидан” номли концерт дастури
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири, қорақалпоқ шеъриятининг буюк намояндаси Ибройим Юсуповнинг 97 йиллигига ва Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, давлат мукофотлари совриндори, бастакор Нажиматдин Муҳаммеддинов ижодига бағишланган “Айт, сен Аёзий шеърларидан” номли концерт дастури бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси М.Атамуратов, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси К.Каримов, “Нуроний” жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раиси Т.Абдижаббаров сўзга чиқиб, Ибройим Юсупов ҳамда таниқли бастакор Нажиматдин Муҳаммеддинов ижодига тўхталди ва шоир таваллудининг 97 йиллиги муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтаётгани қайд этилди.
[gallery-29226]
Ибройим Юсупов 1929 йил 5 майда Чимбой туманида туғилган. Ижодкорнинг “Бахт лирикаси”, “Кунчиқар йўловчисига”, “Ўйлар”, “Етти наво”, “Дала орзулари”, “Кўнгил кўнгилдан сув ичар”, “Тўмарис”, “Илҳом”, “Ташвишларга бой дунё”, “Тузли шамоллар”, “Кўнгилдаги кенг дунё”, “Беклигингни бузма сен…”, “Ҳар кимнинг ўз замони бор” номли шеърий китоблари ва “Танланган асарлар” тўпламлари нашр этилган. Унинг шеърлари қозоқ, украин, белорусь, грузин, латиш, болгар ва бошқа халқлар тилларига таржима қилинган.
Ибройим Юсупов “Эл-юрт ҳурмати”, “Дўстлик” орденлари билан мукофотланган. Юртбошимизнинг қарори билан Нукусда Ибройим Юсупов ҳайкали ва унинг номидаги ижод мактаби барпо этилди.
Концерт дастури давомида Ўзбекистон давлат консерваторияси Нукус филиалининг “Жайхун” халқ чолғу ҳамда симфоник оркестрлари томонидан жонли ижро этилган куй-қўшиқлар йиғилганларга кўтаринки кайфият улашди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.