Иқтидорли ёшлар сараланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Келажак марказлари ташаббуси билан ёш истеъдодларни кашф этиш ва миллий санъатни кенг тарғиб қилиш мақсадида ўтказилаётган “Иқтидор” мактаб ансамбли танловининг Бухоро вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Танловда вилоятнинг шаҳар ва туманларидан 6–10 ёш тоифасидаги 13 та жамоа иштирок этди.
Ўқувчиларнинг ижодий салоҳиятини ривожлантириш, уларни миллий мусиқа санъатига жалб этиш ҳамда эстетик дидини шакллантиришга хизмат қилган танловда иштирокчилар жамоалар таркибида ўзбек миллий чолғу асбобларида жонли ижрода мусиқий асарлар намойиш этди.
[gallery-29201]
Саҳнада янграган куй-қўшиқларда миллий анъаналар ва замонавий талқин уйғунлиги акс этиб, томошабинларга ўзига хос бадиий завқ бағишлади. Ёш ижрочилар нафақат ижро маҳорати, балки саҳна маданияти ва жамоавий ҳамжиҳатликни ҳам намоён этди.
Танлов шартларига кўра, барча чиқишлар жонли ижрода амалга оширилди. Иштирокчилар чиқишлари тажрибали ҳакамлар ҳайъати томонидан 40 баллик тизим асосида баҳоланди. Энг муносиб жамоалар сараланиб, республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА