Божхоначилар “Аждодлар изидан”да ғолиб бўлди
Сирдарё вилоятидаги Ёшлар марказида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибида хизмат қилаётган ёш ҳарбий хизматчи ва ходимлар ўртасида юртимиз тарихи, бой маънавий мероси ҳамда буюк аждодларимизнинг миллат тараққиётига қўшган ҳиссасини чуқур ўрганишга қаратилган “Аждодлар изидан” интеллектуал танловининг вилоят босқичи ўтказилди.
Тадбирда иштирокчилар ўз билим ва салоҳиятларини намоён этиш билан бир қаторда, тарихий меросга оид саволларга жавоб бериш, таҳлилий фикрлаш ва мантиқий ёндашув кўникмаларини синовдан ўтказдилар. Ҳар бир баҳс-мунозара давомида давлат бошқаруви, адолат, ҳарбий интизом, ватанпарварлик ва ёшлар тарбияси каби муҳим ғоялар атрофлича муҳокама қилинди.
Иштирокчилар нафақат тарихий билимларини намоён этди, балки ўз фикрларини ифодалаш, далил асосида баҳс юритиш ва жамоавий ҳамкорлик кўникмаларини ҳам намоён этдилар. Бундан ташқари, танлов жараёнида ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, маънавий салоҳиятни ривожлантириш ва мамлакатимиз тарихи билан чуқур танишишга катта эътибор қаратилди.
[gallery-28604]
Сирдарё вилоят божхона бошқармаси жамоаси юқори натижаларни қайд этиб, фахрли 1-ўринни қўлга киритди. Ғолиб ва фаол иштирокчилар тадбир якунида диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ғулом Примов, Достон Қаландаров (сурат), ЎзА