Болалар контентида илм ва ижод ҳамкорлиги
Бугунги кунда болалар контентида бир қанча йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, болалар учун сифатли адабиёт намуналарини кўпайтириш мақсадида ижодкорлар билан йўлга қўйилган ҳамкорликлар, болалар учун манфаатли фильм ва медиа маҳсулотларини яратиш йўлидаги амалий ҳаракатлар шулар жумласидан.
Илм ва ижод борасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Фанлар академияси Санъатшунослик институти бўлим мудири, санъатшунослик фанлари доктори, профессор Нигора Каримова ҳамда ушбу бўлимнинг катта илмий ходими, санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори Ҳафиза Ниёзова билан илмий мулоқот бўлиб ўтди.
Учрашувда болалар учун мўлжалланган экран маҳсулотларини профессионал таҳлил қилиш масалалари муҳокама қилинди. Болалар учун ишланаётган ҳар бир кино ва мультфильм таҳлили илмий асосга эга бўлиши лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Тадбир якунида таҳлилларни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Марказ ҳамда Санъатшунослик институти ўртасида илмий-ижодий ҳамкорликни доимий йўлга қўйиш белгиланди.
Қайд этиш лозимки, бундай ҳамкорликлар келажагимиз бунёдкорлари бўлмиш болаларни сифатли контентлар билан таъминлашга хизмат қилади. Зеро, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган миллий контентни ривожлантириш ғояси негизида ҳам айни шу мақсад мужассам.
Шербек Исломов, ЎзА