“UzCharmExpo-EurAsia-2026” халқаро кўргазмаси чарм ва пойабзал саноати учун муҳим майдонга айланмоқда
Бугун пойтахтимизда “UzCharmExpo-EurAsia-2025” чарм, пойабзал, атторлик, мўйна ва қоракўл ҳамда маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар 20-халқаро кўргазмаси ўз ишини бошлади.
“Ўзчармсаноат” уюшмаси ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу халқаро тадбирда Марказий Осиё, шунингдек, Италия, Туркия, Эрон, Хитой ва Россиядан 100 га яқин компания ўз имкониятларини намойиш этмоқда.
Кўргазманинг тантанали очилиш маросимида “Ўзчармсаноат” уюшмаси раиси ўринбосари Шуҳрат Алиев ва бошқалар “UzCharmExpo-EurAsia-2025” кўргазмаси мамлакатимизда маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, экспорт ва инвестицияларни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
[gallery-28603]
Шуҳрат Алиев айтиб ўтганидек, мамлакатимизда нафақат чарм ва пойабзал, балки жун, мўйна, шунингдек турли хил чарм-галантерея маҳсулотлари ва аксессуарлар ишлаб чиқариш ҳам изчил ривожланмоқда. Таҳлилларга кўра, сўнгги 5 йилда тармоқда тахминан 900 миллион квадрат дециметр чарм ишлаб чиқарилган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 1,8 миллиардни ташкил этган. Пойабзал ишлаб чиқариш ҳажми эса 120 миллион жуфтдан 200 миллион жуфтгача ошган. Экспорт ҳажми аввал 70 миллион АҚШ доллари атрофида бўлган бўлса, ўтган йил якунларига кўра 110 миллион долларга етган ва 42 та давлатни қамраб олган. Жорий йилда эса бу рақамни 150 миллион АҚШ долларига етказиш режалаштирилмоқда.
Тошкентдаги “Azima furs” корхонаси раҳбари Муҳаммадали Искандаровнинг сўзларига кўра, мамлакатимизда чарм саноатини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар янги ҳамкорлик имкониятларини очмоқда.
– Корхонамизда табиий чарм-мех маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Маҳсулотларимиз ички ва ташқи бозорга йўналтирилган. Мазкур кўргазмада илк бор иштирок этяпмиз. Бу биз учун катта имконият яратмоқда. Чунки кўргазманинг биринчи куниданоқ маҳсулотларимизга қизиқиш билдирган ҳамкорлар билан мулоқотни бошладик, – деди у.
Туркия пойабзал саноатчилари ассоциацияси (TASD) раиси Берке Ичтен Ўзбекистоннинг чарм ва пойабзал саноати билан танишиш жуда муҳим ва амалий тажриба бўлганини таъкидлади.
– Бугунги кунда дунёдаги мураккаб геосиёсий вазият, айрим ҳудудлардаги зиддиятлар ва иқтисодий қийинчиликлар шароитида бундай кўргазмаларни ташкил этиш алоҳида аҳамият касб этмоқда. Чунки кўргазмалар нафақат маҳсулотлар намойиш этиладиган жой, балки бутун бир соҳа вакиллари жамланадиган, тажриба алмашадиган ва ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланадиган муҳим платформа ҳисобланади. Бундай тадбирлар ҳақиқий маънода соҳа байрами, ўзига хос фестиваль муҳитини яратади.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда мазкур кўргазманинг юқори савияда ташкил этилганини алоҳида эътироф этаман. Туркия томонидан иштирок этаётган вакиллар Ўзбекистон пойабзал саноатига миннатдорлик билдириб, соҳадаги ижобий ўзгаришлар ва ривожланиш суръатларини юқори баҳолади. Бу каби ҳамкорликлар Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ва қардошлик алоқаларини янада мустаҳкамлайди, – деди Берке Ичтен.
9 апрель куни ўз ишини якунлайдиган ушбу кўргазма доирасида B2B, G2B, G2G форматларида музокаралар ва учрашувлар ўтказилмоқда.
Насиба Зиёдуллаева, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА