Бош прокуратура: давлат харидлари билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 36 жиноят иши қўзғатилди
Бош прокуратуранинг Иқтисодий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бошқармаси томонидан “Иқтисодий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги ва йўл қўйилган хато-камчиликларнинг олдини олиш чоралари” мавзусида семинар ўтказилди.
Очиқ мунозаралар тарзида ўтказилган тадбирда “Давлат харидлари билан боғлиқ кўрилган ишлар бўйича масалалар: таҳлил ва таклифлар” ҳамда амалга оширилган ишларнинг самарадорлиги, фаолиятдаги хато - камчиликларнинг олдини олиш чоралари муҳокама қилинди.
Жумладан, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг 19-моддасига кўра, давлат буюртмачилари товарлар етказиб берувчи ҳамда хизмат кўрсатувчилардан танлов ва электрон (биржа) савдолар орқали товар (иш, хизмат)лар харид қилиши лозимлиги ҳамда Бюджет кодексининг 122 - моддаси талаби бўйича бюджет маблағи ҳисобидан товарларни етказиб берувчилар билан тузилган шартномалар тегишли ғазначилик бўлинмаларида рўйхатдан ўтказилганидан кейин кучга кириши назарда тутилганлиги қайд этилди.

Қонун талабларини ва амалдаги қонунчилик ҳужжатларини ҳамда Бош прокурорнинг соҳавий буйруқлари ижросини қатъий таъминлаш ҳамда қонунда прокурор иштирок этиши назарда тутилган ишларда прокурор иштирокини тўлиқ ва тўғри амалга оширилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш билан бирга, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунчиликка киритилган ўзгартиришларнинг мазмун ва моҳияти тушунтирилиб, қонунларни амалиётда тўғри қўллаш бўйича зарур кўрсатмалар берилди.
Аниқланишича, Иқтисодий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бошқармаси томонидан давлат харидлари билан боғлиқ низоларни кўриш амалиётини ўрганиш натижаси бўйича қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан 36 жиноят иши қўзғатилган. 124 нафар шахс маъмурий ва интизомий жавобгарликка тортилган.
Бюджетдан 420,2 миллиард сўм ундириш ҳақидаги 682 ноқонуний суд ҳужжати устидан 203 шикоят, 449 протест ва 30 ариза киритилиб, қонунбузилиши сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт - шароитларни бартараф этиш тўғрисида 41 тақдимнома киритилган.
Шу билан биргаликда, тадбир иқтисодий суд ишларини юритишда прокурорлар томонидан қонуний, асосли ва адолатли қарорлар чиқарилиши, судларнинг мустақиллиги ва фақатгина қонунга бўйсуниш принципига қатъий риоя қилиш фаолиятини таъминлаш орқали одил судловни амалга оширишга кўмаклашишга хизмат қилиши зарурлиги таъкидланди.
Н.Абдураимова,
ЎзА