Тошкентда Гепатит А хавфи ошмоқдами? Эпидемиолог ота-оналарга муҳим мурожаат қилди
Пойтахтда ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни юқумли сариқ касаллигидан ҳимоя қилиш учун Санэпидқўм Тошкент шаҳар бошқармаси бошчилигида кенг кўламли эмлаш компанияси иш бошлади. Тошкент шаҳар ҳокимлиги қарори билан ажратилган 2 миллиард 23 миллион сўм маблағ эвазига Хитойда ишлаб чиқарилган 8092 доза гепатит А вакцинаси харид қилиниб, 8 мингдан ортиқ болани эмлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Тошкент шаҳрида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини вирусли гепатит А касаллигидан ҳимоя қилиш мақсадида кенг кўламли эмлаш тадбирлари ўтказилмоқда. Бу ҳақда Санэпидқўм Тошкент шаҳар бошқармаси Эпидемиология бўлими мудири Дилфуза Расулова маълум қилди.

Мутахассиснинг таъкидлашича, вирусли гепатит А — жигарни зарарловчи ўткир юқумли касаллик бўлиб, асосан вирус билан ифлосланган сув, озиқ-овқат маҳсулотлари ва маиший мулоқот орқали юқади. Айниқса, касалликнинг яширин ёки симптомсиз (клиник белгисиз) шакли билан оғриётган инсонлар инфекция тарқатишда катта хавф туғдиради.

— Вирус организмга тушганидан кейин касаллик белгилари дарҳол намоён бўлмайди. Яширин давр одатда 15 кундан 50 кунгача давом этади. Шу боис инфекция тарқалишининг олдини олишда профилактика тадбирлари жуда муҳим аҳамиятга эга, — дейди эпидемиолог.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш, мева-сабзавотларни яхшилаб ювиш, сувни фақат қайнатилган ҳолда истеъмол қилиш ва санитария талабларига риоя этиш касалликнинг олдини олишда муҳим ўрин тутади. Бироқ энг самарали ҳимоя усули эмлаш ҳисобланади.

Маълум қилинишича, гепатит А билан касалланган бир нафар беморни даволаш ва кейинги тикланиш жараёнлари учун ўртача 1.5 млн — 2 млн сўм сарфланмоқда (беморни даволаниши, беморни келиб кўриб кетишига кетган транспорт сарф харажатлари ва ҳ.к., бундан ташқари 6 ой давомида парҳез қилиш ва соғломлаштириш ишлари учун маблағ сарфланади).
— Гепатит Ага қарши вакцина касалликнинг олдини олишда юқори самарадорликка эга. Эмланганларда касалликдан ҳимоя даражаси 95–98 фоизни ташкил этади ва эмлашдан кейинги асоратлар кузатилмайди — дейди Дилфуза Расулова.
Унинг маълум қилишича, жорий йилнинг 22 майидан бошлаб Тошкент шаҳрида махсус эмлаш ойлиги ташкил этилган. Тадбир доирасида “Меҳрибонлик” ва “Мурувват” уйлари тарбияланувчилари, “SOS Ўзбекистон Болалар маҳаллалари” махсус мактаб-интернат ўқувчилари ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 1,5 ёшдан 14 ёшгача бўлган фарзандлари қамраб олинмоқда.
Ушбу мақсад учун маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан 2 миллиард 23 миллион сўм ажратилган ва 8092 доза гепатит Ага қарши вакцина харид қилинган.
Мутахассиснинг айтишича, эмлаш жараёнини ташкил этишда барча санитария ва хавфсизлик талабларига қатъий амал қилинмоқда. Вакциналар совуқлик занжири қоидалари асосида сақланиб, ҳудудий оилавий поликлиникаларга етказилган. Эмлаш пунктлари зарур тиббий жиҳозлар, шприцлар ва шошилинч ҳолатлар учун дори воситалари билан таъминланган.

Эмлаш компаниясига 97 та махсус бригада жалб қилинган бўлиб, улар таркибида шифокорлар, вакцинаторлар ва ҳамширалар фаолият юритмоқда. Ҳар бир бола эмланишидан олдин тиббий кўрикдан ўтказилиб, фақат соғлом деб топилганлар вакцинация қилинмоқда.
Шунингдек, эмланган болалар бир неча кун давомида тиббий кузатув остида бўлиб, ҳозирга қадар эмлашдан кейинги жиддий ножўя ҳолатлар қайд этилмаган.
Суҳбат якунида эпидемиолог ота-оналарга мурожаат қилиб, фарзандларни юқумли касалликлардан ҳимоя қилишда ўз вақтида эмлаш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
— Болаларни режали ва эпидемик кўрсатмалар асосида ўз вақтида эмлатиш нафақат уларнинг шахсий ҳимоясини таъминлайди, балки жамоавий иммунитетнинг шаклланишига ҳам хизмат қилади. Бу эса касалликнинг кенг тарқалишининг олдини олишда муҳим омил ҳисобланади, — деди Дилфуза Расулова.
Мутахассис, шунингдек, соғлом овқатланиш, шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳам болалар организмининг турли инфекцияларга қарши курашиш қобилиятини мустаҳкамлашини таъкидлади.
Моҳичеҳра Эшмирзаева, ЎзА