Болаларга қилинган зўравонлик учун жавобгарлик бор
Ҳуқуқий муносабат
Сўнгги маълумотларга кўра, дунё бўйича 14 ёшгача бўлган болаларнинг 69 фоизи тарбия жараёнида зўравонликка дуч келган. Глобал миқёсда ҳар уч боладан иккитаси шафқатсиз тарбия усулларидан азият чекади. Болаларга нисбатан зўравонлик эса бу жиддий муаммо бўлиб, бу уларнинг соғлиғи, ривожланиши ва келажагига таҳдид солади.
Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Имомали Туев бу борада ҳуқуқий тушунчалар берди:
–Ўзбекистон Республикасининг "Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонуни зўравонликнинг 6 та шаклини белгилайди ва уларни тақиқлайди.
Жумладан, жисмоний, руҳий, жинсий зўравонликлар, эксплуатация, ғамхўрлик кўрсатмаслик ҳамда буллинг (таъқиб этиш) тақиқланади.
Бундай ҳолларда, яъни, зўравонлик қурбони бўлганда ёки унга дуч келиш хавфи бўлса, дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамда "Инсон" ижтимоий хизматлар марказларига мурожаат қилиш керак бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 59-2-моддаси ва Жиноят кодексининг 126-1-моддасида болага нисбатан оилавий (маиший) зўравонлик қилганлик учун жавобгарлик нормаси белгиланган.
Амалдаги нормада эр-хотин ёки оилада бирга яшовчи бошқа шахсларга нисбатан оилавий (маиший) зўравонлик қилганлик учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган бўлса-да, бу ҳаракатларни болага нисбатан содир этганлик учун жавобгарлик назарда тутилмаган эди.
Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексининг 583-моддаси “Оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ ишлар юзасидан ярашув тўғрисидаги ариза суд муҳокамасининг исталган босқичида, аммо суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киришидан олдин берилиши мумкин” мазмунидаги иккинчи қисм билан тўлдирилди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ҳам болага нисбатан оилавий (маиший) зўравонлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланди.
Гулноза Бобоева, ЎзА