Сунъий интеллект асосида 100 га яқин лойиҳа амалга оширилмоқда
Тошкент шаҳридаги "IT Park Uzbekistan" майдонида “Таълим, энергетика ва инклюзив ҳудудларни ривожлантиришда сунъий интеллект ва рақамлаштиришнинг стратегик аҳамияти” мавзусида нуфузли халқаро форум ўз ишини бошлади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан Осиё тараққиёт банки институти (ADBI), Сеул миллий университети ҳузуридаги Давлат бошқарувини ривожлантириш глобал институти (GDI) ва Тошкент ахборот технологиялари университети билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу нуфузли тадбирда Ўзбекистон ва Корея Республикасининг давлат органлари, таҳлилий марказлар, олийгоҳлар ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Форумнинг очилишида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори ўринбосари Нозимжон Ортиқов иштирокчиларни қутлаб, глобал ноаниқликларга қарамасдан Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ўсишни сақлаб қолаётганини таъкидлади. Унинг қайд этишича, жорий йилнинг биринчи чораги якунларига кўра иқтисодий ўсиш 8,7 фоизни ташкил этгани мамлакатда ички иқтисодий фаоллик кенгаяётганини кўрсатади. Бу эса инвестицияларни жалб қилиш, инновацияларни жорий этиш ва янги технологик йўналишларни ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратаётганини англатади.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатда сунъий интеллектни ривожлантириш учун зарур институционал асос шакллантирилди. Хусусан, 2030 йилгача мўлжалланган миллий стратегия қабул қилиниб, ихтисослашган марказ ташкил этилди. Бугунги кунда сунъий интеллект асосида 100 га яқин лойиҳа амалга оширилмоқда, давлат органларининг 55 та маълумотлар базасини ягона дата-марказга интеграция қилиш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, давлат хизматлари, молия, хавфсизлик ва транспорт соҳаларида 30 дан ортиқ пилот ташаббуслар йўлга қўйилган.
Ушбу чора-тадбирлар натижасида Ўзбекистон сунъий интеллектга тайёргарлик бўйича халқаро индексда бир йил ичида 17 поғонага кўтарилиб, Марказий Осиёда етакчи ўринни эгаллади.

Форум доирасида халқаро экспертлар ҳам ўз қарашлари билан ўртоқлашди. Жумладан, Глобал давлат бошқарувини ривожлантириш институти (GDI) директори, Сеул миллий университети вице-президенти профессор Килкон Ко Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги ҳамкорлик истиқболларига тўхталди. Унинг фикрича, сунъий интеллект, экологик барқарорлик ва маъмурий ислоҳотлар соҳасидаги ҳамкорлик бугунги глобал чақириқлар шароитида стратегик аҳамият касб этмоқда.
Осиё тараққиёт банки институти (ADBI) декани ва бош директори Бамбанг Броджонегоро ўз маърузасида Ўзбекистон ривожланишида сунъий интеллектнинг ўрнини белгилаб берувчи устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратди.

Биринчиси — инсон капитали. Унинг таъкидлашича, технологияларни чуқур англайдиган ва улардан самарали фойдалана оладиган ёшлар янги Ўзбекистон тараққиётининг асосий ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, 2030 йилгача сунъий интеллект соҳасида 5 миллион мутахассис тайёрлаш мақсади мамлакатнинг рақамли келажакка бўлган қатъий интилишини намоён этади.
Иккинчи йўналиш — инклюзив ўсиш. Қишлоқ хўжалигида “ақлли” технологияларни жорий этиш, жумладан, аниқ деҳқончилик, ҳосилдорликни прогноз қилиш ва сув ресурсларини самарали бошқариш орқали меҳнат унумдорлигини ошириш, бозорларга кириш имкониятларини кенгайтириш мумкин. Бу эса шаҳар ва қишлоқ ўртасидаги иқтисодий тафовутни қисқартиришга хизмат қилади.
Учинчи устувор йўналиш — энергетика соҳасида трансформация. Экспертнинг фикрича, иқтисодий ўсиш билан бирга энергияга бўлган талаб ортиб боради. Шу боис “ақлли тармоқлар”ни жорий этиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини интеграция қилиш ва энергия самарадорлигини ошириш орқали барқарор ривожланишга эришиш мумкин. Айниқса, чекка ҳудудларда автоном энергия ечимларини татбиқ этиш орқали энергетик камбағалликни камайтириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш имкони яратилади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА