Тадбиркорлик соҳасида Чехия билан ҳамкорлик кучаймоқда
Мамлакатимизда тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, бу йўналишда хорижий ҳамкорлар билан мустаҳкам алоқаларни йўлга қўйиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Бу йўналишда “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамиятининг ҳам муносиб ҳисса қўшаётгани эътиборлидир.
Самарқанд шаҳрида яна бир йирик ва эътиборга молик лойиҳа ҳаётга фаол татбиқ этилгани мазкур молиявий тузилманинг эзгу ташаббусларидан бири бўлди, десак янглишмаймиз. Шаҳарнинг Шодлик маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида тадбиркор ташаббуси билан замонавий ресторан мажмуаси барпо қилинди.
Уч қаватдан иборат ушбу иншоотда бир вақтнинг ўзида 450 нафар мижозга хизмат кўрсатиш имконияти яратилган. Замонавий дизайн, шинам муҳит ва оилавий тадбирлар ўтказиш учун барча қулайликларга эга бўлган ресторан шаҳар аҳолиси ва меҳмонлари учун яна бир жозибадор манзилга айланди.
Умумий қиймати 4 миллион АҚШ долларига тенг бўлган мазкур лойиҳанинг молиявий қўллаб-қувватланишида “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти ҳам фаол иштирок этмоқда. Банк кредит маблағлари орқали тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириб, ҳудудларда янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилмоқда.
Лойиҳанинг яна бир аҳамиятли жиҳати унинг халқаро ҳамкорлик асосида амалга оширилаётганидир. Хусусан, Чехия технологиялари асосида яхна ва салқин ичимликлар ишлаб чиқариш цехи ташкил этилган. Замонавий ускуналар Чехиядан олиб келинган бўлиб, иш жараёнига хорижлик мутахассислар ҳам жалб этилган. Бу эса Ўзбекистон ва Чехия ўртасидаги иқтисодий ва технологик ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганининг яна бир амалий намунасидир. Бундай шерикликлар маҳаллий ишлаб чиқаришни модернизациялаш, янги технологияларни жорий этиш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришда муҳим ўрин тутади.
– Бу ерга Чехия Республикасидан технология олиб келдик, – деди чехиялик технолог Давид Дворак. – Биз хом ашё олиб келамиз ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқарамиз. Салқин ичимликни тайёрлаш 10 соат давом этади. Шундан сўнг у классик тарзда 10 кун давомида махсус идишларда сақланади. Кейин идишларга қуйилиб, қадоқланади ва ресторанларга етказиб берилади. Ўзбекистон ва Чехия мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорлик тадбиркорлик йўналишида ҳам самарали давом этмоқда.
Айтиш керакки, ҳозирги кунда мазкур цехда ойига 15 тонна салқин ичимлик ишлаб чиқарилмоқда. Барча хом ашё ва ускуналар импорт қилинган бўлса-да, маҳсулотлар маҳаллий бозор учун қайта ишланиб, истеъмолчиларга етказиб берилмоқда. Энг муҳими, ушбу лойиҳа аҳоли бандлигини таъминлашга ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Натижада 50 дан ортиқ янги иш ўрини яратилди. Шунингдек, ишлаб чиқариш цехида ҳам қўшимча 4 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланди.
– Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида учинчи курс талабасиман, – деди ушбу цехда меҳнат қилаётган ишчи Ҳамид Абдусаломов. – Ҳозирда ўқиб, ҳам ишлаяпман. Ўқишдан бўш вақтларимда шу ерда ишлаяпман. Ишлаб, ўқишим учун контракт пулимни ўзим тўлайман. Ҳам амалиётда олган билимларимни мустаҳкамлаяпман. Ёшларга қаратилаётган бундай эътибордан жуда мамнунман.
Дарҳақиқат, тадбиркорлик ривожига оид бу каби ижтимоий лойиҳалар наинки ҳудуд иқтисодиётини ривожлантиради, балки мамлакатлар ўртасидаги дўстона ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди. Самарқандда амалга оширилаётган ушбу ташаббус эса ана шундай эзгу мақсадларнинг ёрқин ифодаси бўлиб хизмат қилмоқда.
Н.Усмонова,
ЎзА