Болалар ҳуқуқи давлат ҳимоясида
Маълумки, бугунги кунда бутун дунё миқёсида бола ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш, уларни ҳимоя қилиш учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш ҳар бир давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Бу борада мамлакатимизда ҳам салмоқли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, ҳозирги кунга қадар бола ҳуқуқлари кафолатларини белгиловчи 40 дан ортиқ қонунлар ҳамда 500 дан ортиқ қонуности ҳужжатлари ишлаб чиқилган.
Таъкидлаш лозимки, бола ҳуқуқлари кафолатларига оид қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилишда ҳар бир давлат, аввало, умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормаларига таянади. Мазкур йўналишда махсус халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган бўлиб, уларда белгиланган қоидаларга сўзсиз амал қилиш ва ижросини таъминлаш ҳар бир аъзо давлатлар учун мажбурийдир. Бундай халқаро ҳужжатлар орасида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош Ассамблеяси томонидан 1989 йил 20 ноябрда қабул қилинган ва 1990 йил 2 сентябрдан кучга кирган “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенция болаларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини юқори даражада ҳимоя қилувчи энг муҳим халқаро ҳужжат бўлиб, унинг қоидалари болаларга кенг кўламдаги фуқаролик, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни кафолатлайди. Ўзбекистон Республикаси ушбу Конвенцияга қўшилган.
Дарҳақиқат, болаларнинг суд муҳокамасида тинглаш ҳуқуқи борасида фикр юритилганда аввало, “Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги” Конвенсиянинг 12-моддаси қоидаларига аҳамият бериш лозим. Унда “иштирокчи давлатлар ўзининг қарашларини шакллантиришга қодир болага, ана шу қарашларни болага тааллуқли барча масалалар бўйича эркин ифода этиш ҳуқуқини таъминлаши, бинобарин, боланинг қарашларига унинг ёши ва етуклигига мувофиқ муносиб даражада эътибор берилиши, ҳамда ана шу мақсадда болага, жумладан, болага тааллуқли ҳар қандай суд ёки маъмурий муҳокама пайтида, бевосита, вакил ёхуд тегишли орган орқали миллий қонунчиликнинг процессуал меъёрларида кўзда тутилган тартибда ўзининг фикрларини улар томонидан эшитиш имконияти берилиши алоҳида таъкидланган.
Шунингдек, Конвенцияда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг асосий принципи сифатида – болалар манфаатларининг устуворлигини тан олиш белгиланган. Бу ёндашув болалар ҳуқуқлари ва уларни ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, болалар муомала қилинадиган субъектлар сифатида қабул қилинишини таъминлайди.
Бундан ташқари, БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси болаларни ҳимоя қилишда эски ёндашувлардан (уларга фақатгина ёрдамга муҳтож объект сифатида қараш) янги ёндашувга ўтишни талаб қилади. Ушбу ёндашувда болалар ўз ҳақ-ҳуқуқларини тушунадиган ва уларни талаб қила оладиган шахслар сифатида қаралади. Бу болаларнинг ўз қадр-қимматларини англашларига, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишларига ва ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этишларига ёрдам беради. Давлатлар ва бошқа манфаатдор томонлар эса болалар ҳуқуқларини таъминлашда ўз мажбуриятларини бажаришлари ва болаларни ўз ҳуқуқларини талаб қила оладиган шахслар сифатида кўришга тайёр бўлишлари керак.
Ҳўш, бугунги кунда мамлакатимизда болаларнинг, шу жумладан, 10 ёшгача бўлган болаларнинг суд муҳокамасида тингланиш ва уларнинг манфаатларига оид масалалар ҳал этилаётганда шахсий фикрини билдириш ҳуқуқи қонунчиликда қай даражада ўз аксини топган?
Аввало, янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизга “Оила, болалар, ёшлар” деб номланган янги боб киритилганлиги, бу бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва кафолатлаш борасидаги сай-ҳаракатлар янада кучайтирилганлигининг яққол исботидир. Асосий Қонунимизнинг 78-моддасида боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбурияти эканлиги алоҳида кўрсатилган.
Шунингдек, бола ҳуқуқларининг кафолатлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи махсус Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида” Қонуни 15-моддаси бевосита Боланинг ўз фикрини ифода этиш ҳуқуқи кафолатлари, деб номланиб унга кўра, оилада ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда бола ўз фикрини ифода этишга, шунингдек ҳар қандай суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама жараёнида сўзлашга ҳақли эканлиги, бунда қарор қабул қилишга ваколатли бўлган органлар ва мансабдор шахслар боланинг манфаатларига тааллуқли масалаларни ҳал қилишда боланинг фикрини, унинг ёшидан қатъи назар, кўриб чиқиши ҳамда боланинг энг устун манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қарорлар қабул қилиши лозимлиги белгиланган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексида ҳам бола ҳуқуқлари кафолатларига оид бир қатор нормалар белгиланган бўлиб, жумладан, унинг 67-моддасига асосан, бола ўз ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Боланинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилганда, шу жумладан, ота-она (улардан бири) болани тарбиялаш ва таълим бериш бўйича ўз мажбуриятларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаганда ёхуд ота-оналик ҳуқуқларини суиистеъмол қилганда бола ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини сўраб, васийлик ва ҳомийлик органига, ўн тўрт ёшга тўлгандан кейин эса, мустақил равишда судга мурожаат қилиш ҳуқуқи кафолатланади.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига мувофиқ, қуйидаги масалаларни ҳал қилишда 10 ёшга тўлган боланинг розилиги талаб қилинади:
биринчидан, ўн ёшга тўлган боланинг фамилияси, исми ва ота исми фақат унинг розилиги билан ўзгартирилиши мумкин;
иккинчидан, агар ота-оналик ҳуқуқининг тикланиши бола манфаатларига зид бўлса, суд боланинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ота-онанинг (улардан бирининг) ота-оналик ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги даъвосини қаноатлантиришни рад қилишга ҳақлидир. Ўн ёшга тўлган болага нисбатан ота-оналик ҳуқуқининг тикланишига фақат унинг розилиги билан йўл қўйилади;
учинчидан, ўн ёшга тўлган болани фарзандликка олиш учун унинг розилиги талаб қилинади. Фарзандликка олишда боланинг розилиги васийлик ва ҳомийлик органлари ёки суд томонидан фарзандликка олиш тўғрисидаги иш кўриб чиқилаётганда аниқланади.
тўртинчидан, фарзандликка олишни бекор қилишга фақат суд тартибида йўл қўйилади ва уни ҳал қилишда ўн ёшга тўлган боланинг фикри ҳисобга олинади;
бешинчидан, болаларни оилага тарбияга бериш уларнинг хоҳишини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади. Ўн ёшга тўлган болаларни уларнинг розилиги билан оилага тарбияга бериш мумкин.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, халқаро доирада эътироф этилган болалар манфаатларининг устуворлигини тан олиш принципи ҳамда уларнинг тингланиш ва шахсий фикрини билдириш ҳуқуқи ҳозирги кунда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, уларнинг ҳаётига ижобий таъсир кўрсатади, ўз фикрларини ифода этишлари, ўз ҳуқуқларини талаб қилишлари имкониятларини оширади. Ушбу ёндашув болалар учун адолатли ва хавфсиз муҳит яратиш, шунингдек, ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этишларига ёрдам беради. Шу билан бирга, бу ҳуқуқнинг амалда қўлланилиши ва амалга оширилиши кафолати зарур, яъни болаларнинг манфаатлари устувор ҳисобланган қарорлар қабул қилинишида бу принципга тўлиқ амал қилиниши керак.
Матчонбой МАТЧАНОВ,
Жиноят ишлари бўйича
Яшнобод туман судининг тергов судьяси.