Боғдорчилик хўжаликларига медиа-тур ташкил этилди
Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати ҳамда Агросаноатни ривожлантириш агентлиги томонидан Кегейли ва Қораўзак туманларида фаолият юритаётган боғдорчилик хўжаликлари ҳамда интенсив боғлар фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун медиа-тур ташкил этилди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда илмий ташкилотларнинг салоҳиятини тизимли ошириб бориш, ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитига мос экспортбоп мева ва узум навларини яратиш, интродукция қилиш, интенсив кўчатчиликни ривожлантириш, ресурс тежайдиган илғор агротехнологияларни ишлаб чиқаришга жорий этиш, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
[gallery-29928]
Дастлабки манзил Академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтининг Кегейли туманида жойлашган илмий-тажриба станцияси бўлди. Тадбир давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари илмий-тажриба станцияси фаолияти, боғдорчилик соҳасида олиб борилаётган илмий изланишлар ҳамда амалий тажрибалар билан яқиндан танишдилар.
Маълум қилинишича, станция ҳудудида 7 гектар майдонда боғ ташкил этилган бўлиб, унда олма ва шафтоли етиштирилмоқда. Ҳозирги кунда 12 турдаги хорижий олма нави ҳамда 4 хил дурагай нав тажриба тариқасида экилиб, уларнинг ҳудуд иқлимига мослашуви ва ҳосилдорлиги синовдан ўтказилмоқда. Шунингдек, боғдорчиликни ривожлантириш ва сифатли кўчатлар билан таъминлаш мақсадида илмий-тажриба станциясида 60 минг дона мева кўчати тайёрланаётгани таъкидланди.
Медиа-турнинг навбатдаги манзили Қораўзак туманида фаолият юритаётган “Айтбой ери” масъулияти чекланган жамияти бўлди. Корхонанинг 7 гектар ер майдонига 2023 йилда “Санта Мария” навли нок кўчати экилган. Таъкидлаш жоизки, Туркиядан келтирилган бу нок кўчати Оролбўйи тупроқ-иқлимига мос бўлиб, кўкарувчанлиги анча юқори. Иккинчидан, унинг меваларига қурт тушиши кам кўзга ташланади. Маълумки, қурт тушган мевалар пишиб улгурмасдан тўкилиб кетади ва истеъмолга ярамайди. Шунингдек, ушбу нок меваларининг товар кўриниши чиройли бўлиб, ҳажми ва бир хиллиги бўйича халқаро стандартларга тўлиқ жавоб беради. Ҳозирда боғда агротехник тадбирлар белгиланган тартибда олиб борилмоқда.
Тадбир давомида Агросаноатни ривожлантириш агентлиги мутахассислари томонидан келгусида етиштириладиган нок маҳсулотини ташқи бозорларга экспорт қилиш, шу орқали ҳудуднинг мевачилик бўйича экспорт ҳажмини кўпайтириш ва боғдорчилик маҳсулотларининг рақобатбардошлигини ошириш борасида режалаштирилаётган ишлар юзасидан батафсил маълумот берилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари