Суд-экспертлик фаолияти соҳасидаги муносабатлар тартибга солинди
Давлатимиз раҳбари 2026 йил 11 июнь куни “Суд-экспертлик фаолияти тўғрисида”ги қонунни имзолади.
Қонуннинг мақсади – суд-экспертлик фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Қонунга кўра, давлат ва нодавлат суд эксперти лавозимини олий маълумотга эга, муайян суд-эксперт ихтисослиги бўйича тайёргарликдан ўтган ҳамда суд экспертизасини ўтказиш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома (сертификат)га эга Ўзбекистон фуқароси эгаллаши мумкин.
Суд экспертларининг давлат реестри Адлия вазирлиги томонидан юритилади.
Суд-экспертлик фаолиятининг ташкилий шакллари қуйидагилар:
давлат суд-экспертиза муассасаси; нодавлат суд-экспертиза ташкилоти; суд-экспертлик бюроси; ўз фаолиятининг йўналиши бўйича суд-экспертлик фаолиятини амалга оширувчи илмий ва олий таълим ташкилотлари; суд эксперти сифатида иштирок этадиган бошқа ташкилот ходими ёки бошқа жисмоний шахс.
Ўзбекистон суд экспертлари палатаси суд экспертларининг аъзолигига асосланган нодавлат нотижорат ташкилотдир.
Н.Абдураимова,
ЎзА