Беларусь матбуоти Ўзбекистон ҳақида
Ўзбекистон Беларусь билан биржа савдоси бўйича етакчи беш давлат қаторига кирди, деб ёзди “БелТА” ахборот агентлиги мамлакат Универсал товар биржаси матбуот хизматига таяниб.
2026 йил биринчи ярми натижасига кўра, республикамиз компаниялари мазкур тузилма биржасидаги битимлар қиймати бўйича дунёда тўртинчи ўринни эгаллади. Муайян даврда ўзбекистонлик тадбиркорлар умумий савдо айланмаси 66 миллион доллардан ошди. Бу миқдор 2025 йил январь-июнь ойларига нисбатан 21 фоиз кўп.

Беларуснинг етакчи биржасида рўйхатдан ўтган резидентларимиз сони ҳам ошгани қайд этилган: ўтган йил июль ойидаги 201 нафардан жорий йил июль ойида 281 нафаргача. Ушбу маълумот Минскда бўлиб ўтаётган, биржа вакиллари ҳам иштирок этган Беларусь ва Ўзбекистон минтақаларининг 3-форуми муносабати билан эълон қилинди.
БУТБ матбуот котиби Роман Янив сўзларига кўра, ўзбек бизнеси бу йил Беларусь товар бозорига фаол қизиқиш билдириб, биржа савдосидан асосан харид воситаси сифатида фойдаланмоқда.

– Ўзбекистонликлар билан тузилган битимларнинг аксари маҳсулотларимиз импорти билан боғлиқ, – деди у. – Ёғочга анъанавий равишда талаб кучли –йил давомида ҳамкор давлатга етказиб берилган жами товарнинг 69 фоизи. Бундан ташқари қишлоқ хўжалиги савдоси ҳам жадал ўсяпти. Савдо ўтган йил биринчи ярмига нисбатан қуруқ сут бўйича 1,5 баробар ошиб 17,1 миллион долларга, сариёғ эса 15 карра кўпайиб, 1,2 миллион долларга етди. Истиқболда биржа орқали олиб кириладиган Ўзбекистон товарлари рўйхатини кенгайтириш салоҳияти юқори. Айни йўналишда муҳим қадам июнь ойида қўйилди: йирик сода ишлаб чиқарувчи шеригимиз маҳсулотини илк бор бизнинг биржада сотди ва 1,3 миллион долларлик шартнома имзолади. Қолаверса, тўқимачилик компанияларимиз икки йилдан буён мунтазам равишда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган пахта ва бошқа турдаги иплар харид қиляпти.
Яна бир йўналиш биржа савдосини ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракат доирасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб беришга тегишли. Бу жараён Беларусдан гўшт маҳсулотлари ва қўшимча озуқа, Ўзбекистондан озиқ-овқат хом ашёси ва айрим қўшимча моддаларни ўз ичига олади.
2004 йил ташкил этилган Беларусь универсал товар биржаси илк савдосини 2005 йил июнда ташкил этган. Мазкур Шарқий Европадаги энг йирик товар биржаларидан бирининг асосий вазифаси маҳаллий корхоналарга ўз маҳсулотини экспорт қилиш, хорижий компанияларга эса Беларусь бозорига киришга кўмаклашиш. Муассаса кенг турдаги металл, ўрмон хўжалиги, қишлоқ хўжалиги, саноат ва истеъмол товарларини сотади.
С.Раҳимов, ЎзА