Айдаркўлда “Jizzakh Open Air – 2026” халқаро туризм фестивали ўтказилди
Айдаркўл соҳилида ўтказилган “Jizzakh Open Air – 2026” халқаро туризм фестивали шунчаки оммавий маданий тадбир эмас. У Янги Ўзбекистонда ҳудудларнинг туристик брендини шакллантириш, замонавий инфратузилма яратиш, инвестициявий жозибадорликни ошириш ҳамда ички ва халқаро туризмни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган давлат сиёсатининг амалий ифодаси сифатида алоҳида аҳамият касб этди.
Бугун мамлакатимизда туризм иқтисодиётнинг энг истиқболли тармоқларидан бири сифатида мутлақо янги мазмун билан ривожланмоқда. Энди гап фақат тарихий обидалар ёки табиий манзилларни тарғиб қилиш ҳақида эмас. Асосий эътибор ҳудудларнинг ўзига хос имкониятларини ягона брендга айлантириш, замонавий инфратузилма барпо этиш, халқаро стандартларга жавоб берадиган туристик хизматлар кўламини кенгайтириш ва мамлакатнинг глобал туризм бозоридаги рақобатбардошлигини мустаҳкамлашга қаратилмоқда.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15-майдаги “2025-2026 йилларда сайёҳлар оқимини кескин кўпайтириш ва туристик хизматлар кўламини жадал кенгайтириш орқали туризмнинг иқтисодиётдаги ўрни ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони соҳада мутлақо янги босқични бошлаб берди. Мазкур ҳужжатда мамлакатнинг барча ҳудудларида замонавий туристик кластерлар ташкил этиш, янги туризм маҳсулотларини яратиш, экологик ва гастрономик туризмни ривожлантириш, халқаро фестиваллар орқали Ўзбекистоннинг туристик брендини мустаҳкамлаш устувор вазифалар сифатида белгилаб берилган.
Айдар-Арнасой кўллари тизими соҳилида қад ростлаган замонавий “Айдаркўл Resort” мажмуасида ташкил этилган “Jizzakh Open Air – 2026” халқаро туризм фестивали ана шу эзгу мақсадларнинг ҳаётдаги ёрқин ифодаси бўлди. Табиатнинг бетакрор гўзаллиги, замонавий муҳандислик ечимлари, миллий қадриятлар ва халқаро туризм талаблари бир нуқтада уйғунлашган мазкур маскан қисқа вақт ичида нафақат Жиззах вилоятининг, балки мамлакат туризмининг энг истиқболли нуқталари қаторига қўшилди.
Эътиборлиси, бугун Айдаркўл атрофида шаклланаётган туристик муҳит тасодифий эмас. Бу — узоқни кўзлаб ишлаб чиқилган давлат сиёсати, изчил режалаштирилган инфратузилма ва барча мутасадди идораларнинг ҳамжиҳатлиги самарасидир. Жумладан, Жиззах вилояти ҳокимлиги, Туризм қўмитаси, Маданият вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур халқаро фестивал ана шу ҳамжиҳатликнинг амалий натижаси сифатида юксак баҳога лойиқ.
Шу ўринда Жиззах вилояти Туризм бошқармасининг саъй-ҳаракатларини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Кейинги йилларда бошқарма томонидан вилоятнинг туристик салоҳиятини тизимли тарғиб қилиш, янги туристик йўналишлар яратиш, хизматлар сифатини ошириш, халқаро тадбирларни юқори савияда ташкил этиш ва хусусий инвесторларни жалб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда. "Jizzakh Open Air – 2026" ана шу изчил меҳнатнинг мантиқий натижаси сифатида Жиззахнинг нафақат мамлакат, балки Марказий Осиёдаги янги туристик брендига айланиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
[gallery-30133]
Фестивалдан — туристик бренд сари
Айдаркўл соҳилида бир неча кун давом этган "Jizzakh Open Air – 2026" халқаро туризм фестивали иштирокчилар ва меҳмонлар учун байрамона кайфият улашган йирик маданий тадбир бўлиш билан бирга, мамлакатимизда туризмни янги босқичга кўтаришга қаратилган кенг қамровли ислоҳотларнинг амалий натижасини намоён этди. Табиатнинг ноёб гўшаси бағрида ташкил этилган фестивал Жиззах вилоятининг бой туристик салоҳиятини мамлакатимиз ва хориж жамоатчилигига яна бир бор кенг намойиш қилди.
Фестивалнинг ўзига хос жиҳати шундаки, у туризмнинг деярли барча замонавий йўналишларини ягона майдонда мужассам этди. Миллий маданият, ҳунармандчилик, гастрономия, спорт, экологик туризм, ёшлар ижоди ва замонавий шоу-индустрия ўзаро уйғунлашиб, Айдаркўл соҳилини улкан сайёҳлик масканига айлантирди.
Тадбир давомида республикамизнинг барча ҳудудлари ўз миллий павильонлари билан иштирок этди. Ҳар бир павильонда муайян воҳага хос ҳунармандчилик анъаналари, амалий санъат намуналари, миллий либослар, халқ амалий безак санъати ва гастрономик мерос намойиш этилди. Бу эса фестивални оддий кўргазма эмас, балки мамлакатнинг бой маданий хилма-хиллигини акс эттирувчи катта ижодий майдонга айлантирди.
Айниқса, гастрономик туризм павильонлари меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Ўзбекистоннинг турли ҳудудларига хос миллий таомлар, ширинликлар ва анъанавий маҳсулотлар юртимизнинг бой пазандачилик маданиятини яна бир бор намоён қилди. Бу эса кейинги йилларда мамлакатимизда гастрономик туризмга қаратилаётган эътибор ўзининг амалий самарасини бераётганини кўрсатди.
Фестивалда ҳунармандчилик соҳасига ҳам алоҳида ўрин ажратилди. Бу ерда халқ амалий санъати билан шуғулланаётган юзлаб усталар ўз маҳоратини намойиш этишди. Улар учун бу нафақат маҳсулотларини тақдим этиш, балки янги ҳамкорлар топиш, тажриба алмашиш ва миллий ҳунармандчиликни халқаро майдонга олиб чиқиш имкониятини ҳам яратди.
Сирдарё вилояти Ҳунармандлар уюшмаси аъзоси М.Қўшбоқова фестивалнинг ана шу жиҳатига алоҳида тўхталар экан, қуйидаги фикрларни билдирди:
— Биз фестивалга аёллар учун қўл меҳнати асосида тайёрланган зеб-зийнат буюмлари — сирға, узук, билагузук, зебигардон ва мунчоқлар билан иштирок этяпмиз. Бу ерда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган ҳунармандлар, дизайнерлар, либос тикиш усталари ва кичик бизнес вакиллари ўз маҳсулотларини намойиш қилишмоқда. Айдар-Арнасой кўллари тизимида ташкил этилган халқаро фестивалнинг юксак савияда ўтаётгани барчада катта таассурот қолдиряпти.
Ушбу фикрларда фестивалнинг бош ғояси мужассам. Чунки бундай йирик халқаро майдонлар нафақат маҳсулот сотиш ёки кўргазма ўтказиш воситаси, балки ҳудудларнинг иқтисодий фаоллигини кучайтириш, миллий брендларни шакллантириш ва ҳунармандчилик маҳсулотларини янги бозорларга олиб чиқишнинг самарали механизми ҳисобланади.
Фестивал доирасида ёш ижодкорларга ҳам кенг имкониятлар яратилди. Махсус мусиқий павильонда гитарачи ва дуторчи ёшлар томонидан ижро этилган жонли куй-қўшиқлар миллий мусиқа билан замонавий ижро услубини уйғунлаштириб, тадбирга ўзига хос руҳ бағишлади. Бу чиқишлар кўплаб хорижлик меҳмонларда ҳам катта қизиқиш уйғотди.
Тантанали очилиш маросимида Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоев фестивал фақат байрам эмас, балки ҳудуднинг иқтисодий ривожланиши, инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва туризм индустриясини янги босқичга кўтаришга хизмат қиладиган муҳим лойиҳа эканини алоҳида таъкидлади. Вилоят раҳбари республика ҳудудлари томонидан ташкил этилган миллий павильонлар билан танишар экан, Жиззахнинг бой табиати, ноёб туристик имкониятлари ва меҳмондўстлик анъаналари келгусида ҳам халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга мустаҳкам замин бўлишини қайд этди.
Ташкилотчилар маълумотига кўра, гала-концерт бошлангунга қадар фестивалга 100 мингга яқин сайёҳ ва меҳмон ташриф буюриши кутилди. Бу рақамнинг ўзиёқ "Jizzakh Open Air" қисқа вақт ичида нафақат мамлакатимизда, балки хорижий сайёҳлар орасида ҳам катта қизиқиш уйғотишга муваффақ бўлганини кўрсатади.
Мутахассислар фикрича, ҳудуднинг туристик бренди айнан ана шундай халқаро фестиваллар орқали шаклланади. Чунки турист бир манзилга фақат табиатни томоша қилиш учун эмас, балки ўша ҳудуднинг маданияти, миллий таомлари, урф-одатлари, ҳунармандчилиги ва замонавий сервисини бир вақтнинг ўзида ҳис этиш учун ҳам сафар қилади. Айдаркўлда яратилган ана шундай муҳит эса Жиззах вилоятининг туризм соҳасидаги янги қиёфасини намоён этди.
Инфратузилма — барқарор туризм пойдевори
Дунё тажрибаси бир ҳақиқатни тасдиқлайди: туристик салоҳият қанчалик юксак бўлмасин, замонавий инфратузилмасиз унинг иқтисодий самараси тўлиқ намоён бўлмайди. Шу маънода Айдар-Арнасой кўллари тизими атрофида сўнгги йилларда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари ҳудудни халқаро туристик маконга айлантиришнинг мустаҳкам пойдеворини яратмоқда.
Бугун Айдаркўл соҳилида қад ростлаган замонавий “Айдаркўл Resort” мажмуаси ана шундай эзгу мақсадлар рўёбининг ёрқин намунасидир. Замонавий меҳмонхона ва хостеллар, санаторий, хизмат кўрсатиш объектлари, оилавий дам олиш масканлари ҳамда экстремал ва экологик туризм учун яратилган имкониятлар ҳудуднинг туристик жозибадорлигини янги босқичга олиб чиқмоқда. Бу ерда ҳаво шарларида парвоз қилиш, квадроциклларда саёҳат, от ва туяларда сайр, параплан, байдарка ва бошқа сув аттракционлари ташкил этилгани меҳмонларга таклиф этилаётган хизматлар кўлами тобора кенгайиб бораётганидан далолат беради.
Фестивал дастуридан ўрин олган пляж волейболи бўйича Осиё чемпионати, мини-футбол, пляж тенниси ҳамда сув спорти мусобақалари Айдаркўлнинг нафақат экологик ёки оилавий дам олиш, балки халқаро спорт туризми марказига айланиб бораётганини ҳам намоён қилди.
Арнасой тумани ҳокими Одил Мусанов таъкидлаганидек, ҳудудда транспорт ва логистика инфратузилмасини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, туристлар оқимини кўпайтиришга хизмат қиладиган аэропорт барпо этилиши ҳамда темир йўл тармоғини босқичма-босқич ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар келгусида Айдаркўлга етиб келиш имкониятларини янада кенгайтиради. Бу эса нафақат маҳаллий, балки хорижий сайёҳлар учун ҳам ҳудуднинг жозибадорлигини сезиларли даражада оширади.
Бундай кенг кўламли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда Жиззах вилояти Туризм бошқармасининг ўрни ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Вилоятнинг туристик салоҳиятини тарғиб қилиш, янги туристик маҳсулотларни шакллантириш, ички ва ташқи туризм бозорида Жиззах брендини мустаҳкамлаш, туроператорлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, фестивал ва халқаро тадбирларни юқори савияда ташкил этиш йўлида амалга оширилаётган тизимли ишлар бугун ўзининг амалий самарасини бермоқда.
Эътиборлиси, фестивал якунланганидан кейин ҳам унинг ижтимоий аҳамияти давом этди. Фаол ёшлар ташаббуси билан фестивал ҳудуди ва кўл соҳилида кенг кўламли ободонлаштириш ҳамда тозалаш ишлари амалга оширилди. Бу ташаббус табиатга эҳтиёткор муносабатни шакллантириш, экологик маданиятни юксалтириш ва туризмнинг барқарор ривожланиш тамойилларини ҳаётга татбиқ этишнинг амалий намунаси бўлди.
Энг муҳими, "Jizzakh Open Air – 2026" халқаро туризм фестивали яна бир муҳим ҳақиқатни намоён қилди: Жиззах энди фақат тарихий йўллар кесишган ёки ноёб табиат бағрида жойлашган ҳудуд эмас. У янги инвестициялар, замонавий инфратузилма, халқаро ҳамкорлик ва юқори сифатли туристик хизматлар уйғунлашган истиқболли туристик марказ сифатида шаклланмоқда.
Айдаркўл соҳилида бошланган бу улкан ўзгаришлар, шубҳасиз, мамлакатимизда Президент раҳбарлигида амалга оширилаётган очиқ ва узоқни кўзлаган туризм сиёсатининг амалий натижасидир. Бугун барпо этилаётган ҳар бир янги объект, ўтказилаётган ҳар бир халқаро фестивал ва яратилаётган ҳар бир туристик йўналиш эртанги иқтисодий тараққиёт, янги иш ўринлари, аҳоли фаровонлиги ва юртимизнинг халқаро нуфузига хизмат қилмоқда.
Шу маънода Айдаркўлда ўтказилган “Jizzakh Open Air – 2026” халқаро туризм Фестивали бир кунлик тантана сифатида эмас, балки Янги Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги стратегик тараққиёт йўлини яққол ифода этган муҳим воқеа сифатида тарихдан муносиб ўрин эгаллайди. Зеро, бугун Айдаркўл соҳилида барпо этилаётган туристик макон эртага нафақат Жиззах вилоятининг, балки бутун Ўзбекистоннинг жаҳон туризм харитасидаги энг ёрқин ва энг нуфузли брендларидан бирига айланишига мустаҳкам замин яратмоқда.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари