Тошкентда IV Халқаро “Умра Plus ва зиёрат туризми” кўргазмаси бўлиб ўтмоқда
Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси Умра туризми ташкилотлари ассоциацияси билан ҳамкорликда “Humo Arena” мажмуасида IV Халқаро “Умра Plus ва зиёрат туризми” кўргазмасини ўтказмоқда.
Тадбир Марказий Осиё давлатлари, Туркия, Россия, Озарбайжон, Малайзия, Индонезия ва Саудия Арабистонидан 200 нафардан ортиқ туроператорлар, меҳмонхона бизнеси ҳамда транспорт компаниялари вакилларини бир майдонга жамлади.
Кўргазма “Умра+Ўзбекистон” лойиҳаси доирасида зиёратчиларни Ўзбекистонга жалб этиш, туристик хизматлар сифатини ошириш ҳамда хорижий ҳамкорлар билан ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган.

“Умра+Ўзбекистон” лойиҳаси умра сафарини амалга ошираётган хорижий зиёратчиларни мамлакатимизнинг бой тарихий-маданий мероси, муқаддас масканлари ҳамда замонавий туризм инфратузилмаси билан таништиришни назарда тутади.
Икки кун давомида кўргазма иштирокчилари “B2B” учрашувлари, ишбилармонлик музокаралари ва туристик маҳсулотлар тақдимотларини ўтказмоқда. Алоҳида эътибор зиёратни Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари бўйлаб саёҳатлар билан уйғунлаштирувчи янги “Умра+” йўналишларини шакллантиришга қаратилган.
[gallery-30121]
Кўргазма доирасида янги туристик маҳсулотларни яратиш ҳамда маҳаллий ва хорижий компаниялар ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга йўналтирилган қарийб 100 та ҳамкорлик битимини имзолаш режалаштирилган.
Мазкур тадбир аввал Туркия, Малайзия ва Индонезияда ўтказилган “Умра+ Ўзбекистон” лойиҳаси тақдимотларининг мантиқий давоми бўлди. Кўргазманинг ўтказилиши маҳаллий туризм ташкилотлари учун Ўзбекистоннинг туристик шаҳарларига ташрифни назарда тутувчи “Умра+” дастурини халқаро бозорда тарғиб қилиш бўйича янги имкониятларни яратмоқда.
Ишбилармонлик дастури доирасида хорижий иштирокчилар учун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф ташкил этилди. Танишув ташрифи якунларига кўра, Марказни Ўзбекистонга ташриф буюрувчи хорижий сайёҳларга таклиф этиладиган зиёрат йўналишларининг асосий объектлари қаторига киритиш бўйича келишувга эришилди.
Айтиш керакки, Ўзбекистон халқаро бозорда барқарор ва хавфсиз туристик йўналиш сифатидаги мавқеини изчил мустаҳкамлаб бормоқда. 2026 йилнинг дастлабки беш ойида мамлакатга 5,3 миллион нафардан ортиқ хорижий турист ташриф буюрди. БМТ маълумотларига кўра, республика туризм соҳаси энг юқори суръатларда ривожланаётган беш давлат қаторидан жой олди.
Асосий бозорлар ҳам ижобий ўсиш суръатларини намоён этмоқда. 2026 йил январь–май ойларида Озарбайжондан келган туристлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 82 фоизга, Малайзиядан 2 баравардан кўпроққа, Индонезиядан 63 фоиздан ортиққа, Туркиядан эса қарийб 19 фоизга ошди.
Соҳа мутахассисларининг баҳолашича, ўтган йил якунларига кўра Ўзбекистонга ташриф буюрган хорижий туристларнинг аксарияти зиёрат туризми объектларига катта қизиқиш билдирган. Кўргазма доирасида имзоланаётган битимлар ҳамда “Умра+Ўзбекистон” лойиҳасининг янада кенгайтирилиши келгусида зиёратчилар оқимини сезиларли даражада оширишига хизмат қилиши кутилмоқда.
– Ушбу кўргазма сабаб сайёҳлик компания ва фирмалари, шунингдек, зиёратни мақсад қилган шахслар билан ҳам мулоқот ўрнатиш имконига эга бўлдик, – деди Саудия Арабистонидаги “Razana” сайёҳлик компанияси раҳбари Эмад Рушди. – Фаолиятимиз асосан зиёратчиларнинг Ҳаж ва Умра амалларини адо этишига кўмаклашишга қаратилган. “Азизия Рауза” меҳмонхонамизда зиёратчилар учун барча шароитлар яратилган. Мазкур кўргазмада зиёрат сайёҳлиги билан шуғулланувчи компанияларнинг фаолияти билан батафсил танишиш учун зарур барча шароитлар яратилгани эътиборга моликдир. Бугуннинг ўзида кўплаб давлатларнинг туристик фирмалари билан шартномалар имзолашга муваффақ бўлдик.
– Биз Туркманистонда сайёҳлар қабули билан шуғулланамиз, – деди Туркманистоннинг “Go Travel” компанияси PR-менежери Айсултан Қулмамедова. – Умра ва Ҳаж зиёратини адо этиш истагидаги сайёҳлар билан ҳам фаол иш олиб борамиз. Ашхобод ва Жидда шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиа қатнов йўлга қўйилган. Ҳозирда Марказий Осиё ва Европа давлатларидан туристлар жуда кўп. Уларнинг таклиф ва истакларини инобатга олишга, сайёҳларга биринчи галда турист эмас, меҳмон сифатида муносабатда бўлишга аасосий эътиборни қаратмоқдамиз. Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида бўлдик. Чиндан ҳам бетакрор шаҳарлар. Ушбу халқаро кўргазма зиёрат туризми бўйича янги ташаббусларни илгари суришда, ҳамкорлар билан мустаҳкам алоқаларни йўлга қўйишда жуда манфаатли бўлмоқда.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда зиёрат қилишга арзигулик табаррук масканлар, тарихи асрлар қаърига сингиб кетган муборак ва муаззам гўшалар, буюк мутафаккирлар мангу қўним топган қадамжолар ғоят бисёр. Дунёнинг турли давлатларидан Ҳаж ва Умра сафарларига отланган сайёҳларнинг аксарияти ҳам юртимиздаги ушбу табаррук жойларга боришни орзу қилиши ҳам бор гап. Бу эзгу орзуни амалиёт билан уйғунлаштириш ва алалоқибат мамлакатимизга ҳам, сайёҳларга ҳам бирдек манфаатли туристик лойиҳаларни ҳаётга жорий этиш бугун чиндан ҳам долзарбдир. IV Халқаро “Умра Plus ва зиёрат туризми” кўргазмаси бу йўлдаги муҳим амалий қадам экани аниқ.
Назокат Усмонова, Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА мухбирлари