Ҳайбатли тоғлар бағридаги сирли кўл
Қашқадарёнинг баланд тоғлари бағрида шовуллаб оқаётган Тамшуш дарёсига қараб турсангиз, унинг бошланиши шу қадар салобатли экан, деб ўйлайсиз. Аслида эса бу дарёнинг илк манбаи тоғ бағирларидан сизиб чиқадиган булоқлар ва баҳор келиши билан эрийдиган қор сувларидан бошланади. Табиатнинг энг буюк мўъжизаларидан бири ҳам шунда – улкан дарёлар баъзан инсон ҳатто эътибор бермайдиган кичик жилғалардан вужудга келади.
Ана шу жилғаларни кузатиб, тоғлар сари йўл олсангиз, Шаҳрисабз туманининг Тамшуш қишлоғидан бошланадиган йўл сизга мамлакатимиздаги энг ноёб табиий ҳудудлардан бири “Ҳисор” давлат қўриқхонасининг Мираки бўлимига олиб чиқади. Бу ерга келган киши нафақат тоғларнинг маҳобатидан, балки табиатнинг асрлар давомида деярли ўзгармай сақланиб келаётган бетакрор гўзаллигидан ҳам ҳайратга тушади.
Мираки бўлими 11 минг гектардан зиёд ҳудудни эгаллаган бўлиб, Сурхондарё вилояти ва қўриқхонанинг Танҳоздарё бўлими билан туташади. Бу ерда ҳар бир қадам табиатнинг ноёб бойлигига дуч келади. Арчазорлар бағрида Қизил китобга киритилган Тянь-Шань қўнғир айиғи, қор қоплони, Туркистон силовсини, бургут, оқбошли қумой каби камёб турлар яшайди. Бу ҳайвонларнинг хавфсизлиги эса қўриқхона инспекторларининг кундалик меҳнати самарасидир.
“Ҳисор” давлат қўриқхонаси илмий ходими Беҳрўз Бегалиевнинг таъкидлашича, Мираки бўлими қўриқхонанинг энг муҳим ҳудудларидан бири ҳисобланади.
– Бу ердаги асосий вазифамиз ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраб-авайлаш, уларнинг табиий муҳитини келажак авлодга бутун ҳолича етказишдан иборат. Инспекторлар йилнинг тўрт фаслида, қорли кунларда ҳам тоғларни тарк этмайди. Улар махсус кардонларда яшаб, доимий назорат ишларини олиб боради, – дейди мутахассис.
[gallery-30109]
Биз ҳам айнан ана шу кардондан йўлимизни давом эттирдик. Автомобиллар ортда қолди. Энди олдиндаги машаққатли йўлни фақат от ва эшакларда босиб ўтиш мумкин эди. Тоғларда техника эмас, табиат қонунлари ҳукмрон.
Қўриқхона ходимлари олдимизда камида йигирма километрлик тик кўтарилиш турганини айтганда, буни дастлаб ҳазил деб қабул қилдик. Бироқ бир неча соатдан кейин ҳар бир қадам, ҳар бир нафас бу сафарнинг осон кечмаслигини англатарди.
Йўл давомида Мираки бўлимининг тажрибали қўриқлаш ходими Мансур Жўраев бизга маҳаллий жой номлари тарихи ҳақида сўзлаб берди. Юрти Калон, Оқтошсой, Олмаликсой каби номлар шунчаки атама эмас, балки асрлар давомида шу тоғларда яшаган инсонларнинг хотираси экан.
– Бу ерлар илгари деҳқончилик қилинган ҳудудлар бўлган. Шунинг учун Юрти Калон деб аталган. Ҳозир эса бу тоғлар айиқ, ёввойи чўчқа, бўри, тоғ эчкиси ва бошқа ҳайвонларнинг маконига айланган, – дейди у.
Кун ботишига яқин қорли чўққилар этагига етиб келдик. Одамни жисмонан чарчатадиган йўл ортида руҳий хотиржамлик бор эди. Тоғ қўйнидаги сокинликда фақат шамолнинг шивири ва узоқдан келаётган сувнинг шовуллаши эшитиларди.
Бир кечалик ҳордиқдан кейин яна тонг ёришмасидан йўлга чиқдик. Энди йўлимизни қор қоплаган ёнбағирлар кесиб ўтар, ҳар бир қадам эҳтиёткорликни талаб қиларди.
Уч соатлик кўтарилишдан кейин ниҳоят қоялар орасида яширинган Кўлимозор кўли кўзга ташланди. Денгиз сатҳидан қарийб уч минг метр баландликда жойлашган бу кўлнинг майдони бир гектардан зиёд. Бироқ биз тасаввур қилган мовий сув ўрнига унинг юзини қалин муз қоплаб ётарди. Ҳаво ҳарорати ҳали ҳам минус ўн даража атрофида эди.
Қўриқлаш ходими Қобил Бўриевнинг айтишича, ёзнинг энг иссиқ кунларида ҳам бу ерда табиатнинг ўз қонуни ҳукм суради.
– Қорлар тўлиқ эригач, кўл сатҳи янада кўтарилади. Атрофдаги ҳайвонлар шу ерга сув ичгани келади. Кўлимозор тоғ экотизимининг муҳим сув манбаларидан бири ҳисобланади, – дейди у.
Кўлимозорга етиб келиш осон эмас. Аммо унинг сокинлиги, мусаффо ҳавоси ва ҳайбатли тоғлар қуршовидаги манзараси икки кунлик машаққатни бир лаҳзада унуттиради. Энг муҳими, бу ерга етиб келгач, инсон табиатнинг ҳақиқий қудратини ҳис этади. Балки шунинг учун ҳам бундай гўшаларни асраш нафақат қўриқхона ходимларининг, балки барчамизнинг умумий бурчимиздир.
Сафар давомида яна бир қувонарли ҳолат маълум бўлди. Қўриқхона ходимларининг айтишича, Кўлимозор кўлининг қишки манзарасини унинг соҳилидан туриб биринчи марта профессионал тарзда тасвирга олган журналистлар қаторига қўшилдик. Бу эса икки кунлик машаққатли йўлнинг энг унутилмас хотираси бўлиб қолди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари