Айдаркўл соҳилида илк бор халқаро югуриш марафони ўтказилди
Жиззах вилояти Арнасой туманидаги “Arnasoy Resort” мажмуаси ва Айдаркўл соҳилида илк бор “Arnasoy Marafoni – 2026” халқаро югуриш мусобақаси бўлиб ўтди.
Вилоят ва туман ҳокимликлари, спорт, ёшлар ҳамда туризм соҳасига масъул ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган мазкур тадбир “Global Run & Walk Challenge” лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Мусобақадан кўзланган асосий мақсад аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, оммавий спортни янада ривожлантириш, шунингдек, ҳудуднинг экотуризм имкониятларини кенг намойиш этишдан иборат.
Халқаро спорт тадбирида профессионал спортчилар, югуриш ишқибозлари, ёшлар, талабалар ва хорижлик сайёҳлар иштирок этди. Иштирокчилар 3, 5 ва 10 километрлик масофаларда ўзаро куч синашди.
[gallery-32309]
Қизғин ва муросасиз кечган баҳслар якунида ҳар бир масофа бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
Жумладан, 3 километрлик масофада эркаклар ўртасида Учқун Актамов, аёллар ўртасида Динара Озодова ғолибликни қўлга киритди. 5 километрлик масофада эркаклар ўртасида Шоҳруҳ Каримов, аёллар ўртасида эса Мадинабону Хурозова биринчи ўринни эгаллади. 10 километрлик масофада эса эркаклар ўртасида Нурзиё Бегалиев, аёллар ўртасида Диана Ярасова ғолиб деб топилди.
— Айдаркўлнинг бетакрор табиати, мусаффо ҳавоси мусобақа иштирокчиларига ўзгача кайфият бағишлади, - дейди 10 километрлик масофа ғолиби Нурзиё Бегалиев. — Беллашувда кучли рақиблар иштирок этгани боис ғолиблик учун кураш қизғин кечди. Шундай нуфузли спорт тадбирида иштирок этиб, биринчи ўринни эгаллаганимдан хурсандман. Бу каби мусобақалар ёшларни спортга кенг жалб этиш, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш ва спортчиларни янги ютуқлар сари руҳлантиришда муҳим аҳамиятга эга.
Таъкидлаш жоиз, Айдаркўл соҳилида илк бор ўтказилган мазкур халқаро югуриш мусобақаси нафақат спорт ихлосмандларини бирлаштирди, балки ҳудуднинг табиий ва туристик салоҳиятини кенг тарғиб этишга ҳам хизмат қилди.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА