Наманганда «Uzbekistan Open» халқаро таэквондо турнири якунланди
Наманган вилоятидаги «Паҳлавон» спорт мажмуасида таэквондо WT бўйича ўсмирлар, ёшлар ва катталар ўртасида ўтказилган «Uzbekistan Open» халқаро турнири ўз якунига етди.
Тўрт кун давом этган нуфузли мусобақада Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан келган спортчилар билан бир қаторда Россия, Эрон, Мўғулистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ҳиндистон вакиллари ҳам ғолиблик учун куч синашди.
Халқаро турнирда иштирокчилар турли ёш ва вазн тоифаларида ўз маҳоратини намойиш этди. Дастлаб катталар, сўнгра ёшлар ўртасидаги беллашувлар ташкил этилди. Мусобақанинг сўнгги куни эса ўсмирлар баҳсларига бағишланди.
Қизғин ва муросасиз кечган беллашувларда спортчилар юқори техник тайёргарлик, чаққонлик ва матонат намойиш этди. Айниқса, ёш таэквондочиларнинг ғалабага бўлган интилиши, ўзаро рақобатга бой баҳслари спорт ихлосмандларида катта қизиқиш уйғотди. Мусобақада наманганлик спортчилар ҳам фаол иштирок этиб, ўз маҳоратини синовдан ўтказди.
Турнир баҳсларини халқаро тоифадаги ҳакамлар баҳолаб борди. Бу беллашувларнинг халқаро қоидалар ва белгиланган талаблар асосида ўтказилиши, натижаларнинг холис баҳоланишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этди.
Мусобақа якунида ҳар бир ёш ва вазн тоифаси бўйича ғолиб ҳамда совриндорлар аниқланди. Улар ташкилотчилар томонидан олтин, кумуш ва бронза медаллари билан тақдирланди.
[gallery-32320]
Наманганда ўтказилган мазкур халқаро турнир таэквондо спортини янада оммалаштириш, ёш иқтидорларни кашф этиш, спортчиларнинг халқаро мусобақаларда тажриба орттириши ҳамда турли мамлакатлар вакиллари ўртасида спорт алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА