20 октябрь – Хива шаҳри куни
Хива – ўзининг бетакрор меъморий қиёфаси, қадимий обидалари ва шарқона муҳити билан ажралиб турадиган, Марказий Осиёнинг энг қадимий шаҳарларидан бири. Асрлар давомида ўз тарихий қиёфасини сақлаб келаётган бу кўҳна шаҳар бежизга “очиқ осмон остидаги музей” деб аталмаган.
Кўп асрлик тарихи давомида Хива Ўзбекистоннинг маданий мерос хазинасига айланган. Қадим шаҳарнинг 26 гектарлик ҳудудида 120 дан ортиқ меъморий ёдгорликлар мавжуд. Улар орасида Ота Дарвоза, Кўҳна Арк қалъаси, Шерғозихон мадрасаси, Жума масжиди ва Тошҳовли сарой мажмуаси алоҳида ўрин тутади.
Шунингдек, шаҳарда ўзининг бетакрор меъморий ечими ва тарихий аҳамияти билан ажралиб турадиган кўплаб бошқа обидалар ҳам мавжуд. Бу ердаги осори-атиқалар бугун ҳам маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг эътирофига сазовор бўлмоқда.
1990 йилда Хиванинг тарихий маркази – “Ичан қалъа” мажмуаси ЮНЕСКОнинг умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган. 1997 йил 20 октябрда эса шаҳар ўзининг 2500 йиллик юбилейини тантанали равишда нишонлади. Ушбу сана Хиванинг бой тарихий-маданий меросини асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этишда муҳим воқеа бўлди.
Ана шу тарихий воқеа хотирасига ҳар йили 20 октябрь – “Хива шаҳри куни” байрами сифатида нишонланади. Ушбу байрам шаҳарнинг кўп асрлик тарихи, бетакрор меъморий обидалари ва бой маданий анъаналарига эҳтиром ифодасидир.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА