“AI Hackathon” нинг навбатдаги босқичи бошланди
Самарқандда умуммиллий “AI Hackathon” нинг навбатдаги босқичи ўз ишини бошлади. Бу гал танловда иштирок этиш учун 400 дан ортиқ ёш мутахассис рўйхатдан ўтди. Улар уч кун давомида мамлакатнинг етакчи IT-компаниялари малакали мутахассислари бошчилигидаги жамоаларда иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг асосий тармоқларида сунъий интеллект лойиҳаларини ишлаб чиқиши кўзда тутилган.
– Вилоятимиз нафақат ўзининг буюк ўтмиши, балки минглаб фаол, билимли ёшлари билан ҳам фахрланади, – деди тадбирнинг очилишида Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов. – Иккинчи умуммиллий “AI Hackathon” Самарқанд тараққиёти учун муҳим қадам бўлиб, IT соҳаси мутахассислари учун истиқболли йўналиш бўлади. Биз улар билан биргаликда Самарқанднинг тарихий мероси ва замонавий технологияларни бирлаштиришга интиламиз.
[gallery-27234]
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ахборот технологиялари бошқармаси бошлиғи ўринбосари Сарвар Мўминов хакатон таълим жараёни ва ташкилотлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича тизимли ишларнинг бир қисми эканлигини таъкидлади.
Ёшлар ишлари агентлиги директорининг рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологиялари бўйича маслаҳатчиси Ҳасанхон Юсуфхўжаевнинг таъкидлашичи, юқори натижа кўрсатган иштирокчилар ўз лойиҳаларини янада ривожлантириш ва стартапларига сармоя киритиш имкониятига эга бўлади.
– Ўзбекистон сунъий интеллект соҳасида Марказий Осиёда етакчи ўринни эгаллаб, глобал миқёсда ўз мавқеини босқичма-босқич мустаҳкамлаб бормоқда, – деди Ҳ.Юсуфхўжаев. – Яқин келажакда Ўзбекистонда ўз салоҳияти ва кўлами бўйича Марказий Осиёдаги энг йирик сунъий интеллект инфратузилмаси ишга туширилади.
Хакатоннинг бош ҳомийси ва ҳамкори “Uzum” миллий рақамли экотизими бўлиб, лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ўзбекистон савдо-саноат палатаси, Киберхавфсизлик маркази, IT Park Uzbekistan, Uzinfocom, UNICON, AI Alliance қўллаб-қувватловида, шунингдек, AICA va ML Community каби ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Хакатон иштирокчилари мамлакатнинг етакчи IT компаниялари экспертларидан ёрдам олган ҳолда тиббиёт, киберхавфсизлик, таълим, тадбиркорлик ва сунъий интеллект технологиялари ёрдамида тақиқланган моддалар айланишини назорат қилиш каби соҳалардаги лойиҳалар устида ишламоқдалар. Бундан ташқари, иштирокчилар учун IT соҳасидаги мутахассислар билан маҳорат дарслари ва семинарлар ўтказиш режалаштирилган.
Умуммиллий “AI Hackathon”нинг биринчи босқичи 2025 йил октябрь ойида бошланган ва жорий йил охиригача республиканинг барча ҳудудларида амалга оширилади. Хакатон финали 2026 йил декабрь ойида Тошкентда бўлиб ўтади ва унда бутун мамлакатнинг энг яхши жамоалари сунъий интеллект соҳасидаги ўз ишланмаларини тақдим этадилар.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА