607 миллион сўм миқдорида зарар етказилган
Электр энергияси — кундалик ҳаётимиз, ишлаб чиқариш ва тадбиркорлик фаолиятининг ажралмас қисми. Шу боис ундан ноқонуний фойдаланиш нафақат белгиланган тартибни бузиш, балки энергетика тизимига ва ҳалол истеъмолчилар манфаатига ҳам зарар етказади. Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида ўтказилган навбатдаги назорат рейди давомида аниқланган ҳолат бунинг яна бир мисоли бўлди.
«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Сирдарё ҳудудий филиали мутахассислари томонидан шаҳарнинг «Маданият» маҳалласи ҳудудида ўтказилган назорат тадбирида «Ж.У.С.» хусусий корхонасида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди.

Хусусан, электр ҳисоблагичга таъсир ўтказилиб, унинг ички схемасига махсус қурилма ўрнатилгани маълум бўлди. Натижада истеъмол қилинган электр энергиясини тўлиқ ҳисобга олишга тўсқинлик қилинган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур қоидабузарлик оқибатида электр таъминоти корхонасига 607 миллион сўм миқдорида зарар етказилган.
Эътиборлиси, бу шунчаки рақам эмас. Бу маблағ электр тармоқларини таъмирлаш, эскирган ускуналарни янгилаш, трансформаторлар қувватини ошириш каби муҳим ишларга йўналтирилиши мумкин бўлган ресурсдир. Шу маънода, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ортидан келиб чиқадиган зарар бутун тизим барқарорлигига таъсир кўрсатиши мумкин.

Аниқланган ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқий баҳо бериш ва қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.

Айни пайтда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.
Зеро, электр энергиясидан қонуний ва оқилона фойдаланиш — фақат қонун талаби эмас. Бу умумий ресурсга масъулиятли муносабат, ҳалол истеъмолчилар манфаатини ҳимоя қилиш ва барқарор энергетика тизимига ҳисса қўшиш демакдир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири