24 нафар битирувчи IELTS ва SAT сертификатлари соҳиби
Навоий шаҳридаги Президент мактабида 2025-2026 ўқув йили якунига бағишланган “Битирувчилар оқшоми” тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда таъкидланганидек, юртимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўзининг амалий натижаларини бермоқда. Айниқса, ёшларни замонавий билим ва кўникмалар билан қуроллантириш, уларнинг халқаро майдонда рақобатбардошлигини ошириш ҳамда илм-фанга бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар муҳим аҳамият касб этмоқда.

– Бугун мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг амалий самарасини бераётганини Президент мактаблари битирувчиларининг ютуқларида яққол кўриш мумкин, – дейди Президент мактаби директори Жўрабек Аслонов. – Мактабимиз ўқувчиларининг халқаро грантлар, нуфузли олий таълим муассасаларига қабуллар ва халқаро олимпиадалардаги юқори натижалари давлатимиз томонидан ёшларга яратилаётган кенг имкониятларнинг амалий ифодасидир. Айниқса, битирувчиларимизнинг халқаро сертификатларга эга бўлиши, хорижий университетларда таҳсил олиш имкониятини қўлга киритаётгани юртимизда таълим сифати янги босқичга кўтарилганидан далолат беради. Бу каби натижалар ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларни илм-фан ва инновацияларга кенг жалб этишга қаратилган давлат сиёсатининг муҳим самарасидир.
Албатта, битирувчи ёшларнинг яратиб берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда ўз иқтидорларини намоён этишаётгани қувонарлидир. Жумладан, мактаб битирувчиси Жасминабону Эркинова АҚШдаги нуфузли American University of Beirut олий таълим муассасасига 100 фоизлик грант асосида қабул қилинди. Бектош Рўзиқуловнинг “Магнитли циркуль” ва “Биосинтетик полимер яратиш” лойиҳалари халқаро танловда ғолиб деб топилиб, 95 миллион сўмлик грантни қўлга киритди. Шунингдек, яна 7 нафар битирувчи “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиясини қўлга киритиб, дунёнинг етакчи олий таълим муассасаларида таҳсил олиш имкониятига эга бўлишди.

Мактаб битирувчиларининг барчаси, яъни 24 нафари ҳам IELTS ва SAT халқаро сертификатларига эга бўлди. Уларнинг IELTS бўйича ўртача натижаси 7,3 баллни, SAT бўйича эса 1510 баллни ташкил этгани таълим сифати юқори даражага кўтарилганидан далолат беради.
2025-2026 ўқув йилида 7 нафар ўқувчи халқаро олимпиадаларда иштирок этиб, жами 14 та медални қўлга киритди.

Президент мактаблари фаолияти, таълим соҳасидаги замонавий ёндашувлар ва ёшларга яратилаётган кенг имкониятлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим самараси бўлиб, келажакда Ватан тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган билимли ва рақобатбардош кадрларни тарбиялашга хизмат қилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА