1 июлдан касаллик нафақаларини тўлаш тартиби ўзгаради (+видео)
Бугунги кунда Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, фуқароларнинг ижтимоий кафолатларини кучайтириш ва уларнинг меҳнат фаолияти давомидаги ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда ижтимоий суғурта тизими босқичма-босқич ислоҳ қилиниб, унинг қамрови ва самарадорлиги кенгайтирилмоқда.
Айниқса, ҳомиладорлик ва туғиш билан боғлиқ нафақаларни тўлаш тартибига киритилаётган ўзгартиришлар бу йўналишдаги муҳим қадамлардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Янги ёндашув нафақа тайинлаш жараёнини янада шаффоф, адолатли ва замонавий талабларга мос ҳолда ташкил этиш, шунингдек, фуқароларнинг молиявий барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий сиёсатнинг энг муҳим йўналишларидан бири давлат ижтимоий суғуртаси тизимини босқичма-босқич такомиллаштиришдир. Бу ислоҳот нафақат аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, балки меҳнат бозорида расмий бандлик улушини ошириш, иқтисодиётда шаффофликни таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлардан бири сифатида намоён бўлмоқда.
Давлат ижтимоий суғуртаси тизимининг жорий этилиши Ўзбекистонда ижтимоий давлат моделини босқичма-босқич шакллантираётганини англатади. Бу моделнинг марказида фуқаронинг ижтимоий хавфлардан ҳимоялангани, яъни даромад йўқолиши, касаллик ёки вақтинча меҳнат қобилияти йўқолиши ҳолатларида давлат кафолати туради.
Айниқса, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларининг давлат ижтимоий суғуртаси ҳисобидан тўланиши тизимнинг инсонга йўналтирилганини яққол намоён этди. Илгари асосан иш берувчи зиммасида бўлган молиявий юкнинг давлат томонидан қисман ўз зиммасига олиниши ижтимоий адолат тамойилини мустаҳкамлади.
–2026 йилнинг дастлабки 5 ойида (январь–май) 57,9 минг ҳолатда ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари тўлаб берилгани тизимнинг амалий самарадорлигини кўрсатади, – дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бош мутахассиси Дилшодхон Муҳамеджонова. – Жами 658,4 миллиард сўмлик тўловлар давлатнинг ижтимоий мажбуриятларга ёндашуви кенгайганини англатади. Эътиборли жиҳат шундаки, хусусий секторда банд бўлган аёлларга тўловлар ҳажми 2 баравар, ўртача нафақа миқдори эса 6 баравар ошган. Бу эса янги тизимнинг фақат статистик эмас, балки реал ижтимоий таъсирга эга эканини тасдиқлайди.
Шунингдек, 2026 йил 1 июлдан бошлаб жорий этиладиган иккинчи босқич — вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаларини давлат ижтимоий суғуртаси орқали тўлаш тизимининг йўлга қўйилиши.
Янги тартибга кўра, дастлабки 5 кунлик тўлов иш берувчи ҳисобидан, 6-кундан бошлаб эса давлат ижтимоий суғурта жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади. Бу механизм иш берувчи ва давлат ўртасидаги молиявий юкни мувозанатлаштиришга хизмат қилади ҳамда тизим барқарорлигини оширади. Ислоҳотнинг энг муҳим жиҳати — фуқаронинг даромади касаллик даврида ҳам қисман сақланиб қолиши. Бу, ўз навбатида оилавий молиявий барқарорликни таъминлайди. Шу билан бирга камбағалликка тушиш хавфини камайтиради. Расмий меҳнатга қизиқишни оширади.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, ижтимоий суғурта тизими кучайган давлатларда расмий бандлик улуши ҳам сезиларли ўсади. Чунки фуқаро давлат кафолати мавжуд бўлган тизимда расмий ишлашни афзал кўради. Илгари вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари асосан иш берувчилар зиммасида бўлган. Янги тизим эса бу юкнинг бир қисмини давлат зиммасига олади. Бу кичик ва ўрта бизнесга молиявий босимни камайтиради. Иш ўринларини сақлаш имкониятини оширади. Янги иш ўринлари яратилишини рағбатлантиради.
Ислоҳотнинг энг замонавий жиҳати тўлиқ рақамлаштирилган бошқарув тизимидир. Нафақалар электрон варақалар ва ахборот тизимлари интеграцияси асосида автоматик равишда тайинланади. Бу эса инсон омилини минималлаштиради. Коррупцион хатарларни камайтиради. Жараённи тез ва шаффоф қилади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/MP1Aridyvro" title="1 iyuldan kasallik nafaqalarini to‘lash tartibi o‘zgaradi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Давлат ижтимоий суғуртаси тизимининг иккинчи босқичи Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоянинг янги моделини шакллантирмоқда. Бу моделнинг асосий устунлиги давлат, иш берувчи ва фуқаро ўртасидаги масъулиятнинг мувозанатли тақсимланишидир. Ушбу ислоҳотлар натижасида мамлакатда ижтимоий барқарорлик кучаяди, расмий бандлик ортиб боради, фуқароларнинг давлатга бўлган ишончи мустаҳкамланади.
Шаҳноза Маматуропова,
Нишонбой Абдувоитов (видео)
ЎзА