Дилнура Осиё кубогида чемпион бўлди
Сирдарё тумани ёшлари халқаро спорт майдонларида муносиб иштирок этиб, мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда. Ана шундай иқтидорли ёшлардан бири — Сирдарё туманидаги 1-сон техникуми ўқувчиси Дилнура Шавкатова навбатдаги йирик ютуғини қўлга киритди.
Қирғизистон Республикасининг Иссиқкўл вилоятида бўлиб ўтган Х халқаро “Pearl of Kyrgyzstan” (“Қирғизистон дурдонаси”) спорт ўйинлари доирасида ташкил этилган “Жанг санъати” бўйича Осиё кубогида иштирок этган Дилнура Шавкатова барча рақибларини мағлуб этиб, мусобақанинг мутлақ ғолибаси бўлди. У фахрли биринчи ўринни эгаллаб, олтин медаль ҳамда чемпионлик камари билан тақдирланди.
Мазкур халқаро спорт ўйинлари жорий йилнинг 8–22 июнь кунлари Иссиқкўл соҳилидаги Чўлпон-Ота шаҳри ва бошқа спорт мажмуаларида ташкил этилди. Нуфузли мусобақалар дастурига 20 дан ортиқ спорт тури киритилган бўлиб, унда Марказий Осиё давлатлари ҳамда яқин ва узоқ хориж мамлакатларидан минглаб спортчилар қатнашди.
Дилнура Шавкатованинг мазкур ғалабаси нафақат унинг меҳнатсеварлиги, матонати ва иқтидорининг самараси, балки мамлакатимизда спортни ривожлантириш, ёшларни соғлом турмуш тарзига кенг жалб этиш ҳамда улар учун халқаро майдонларда ўз салоҳиятини намоён этиш имкониятлари яратилаётганининг амалий ифодасидир.
Айниқса, кейинги йилларда Сирдарё вилоятида спорт инфратузилмасини ривожлантириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларни мақсадли тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда. Бугун вилоят спортчилари республика ва халқаро мусобақаларда юқори натижаларни қайд этиб, юртимиз байроғини баланд кўтармоқда.
Дилнура Шавкатованинг Осиё кубогидаги ушбу ёрқин ғалабаси тенгдошлари учун ҳам катта мотивация манбаи бўлиб хизмат қилади. Унинг қатъияти, интилиши ва ғалабага бўлган ишончи келажакда янада юксак марраларни забт этишига ишонч уйғотади.
Сирдарё тумани ҳокимлиги томонидан чемпион спортчи самимий муборакбод этилиб, унга келгуси мусобақаларда ҳам муваффақият, мустаҳкам ирода, соғлик-саломатлик ва янги зафарлар тилаб қолинди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири