Билим, малака ва маҳорат синови
Андижонда “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” касбий маҳорат миллий танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Касблар жозибадорлигини ошириш, ўрта бўғин кадрлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиш, ёшларнинг хорижий касбий танловларда иштирокини таъминлаш ҳамда касбий билим, иқтидор ва салоҳиятини юксалтириш мақсадида ўтказилган танловда 10 та касб йўналиши бўйича 16 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган танловнинг туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган техникум ўқувчилари, талабалар ҳамда ёшлар иштирок этди.


Танловда “Модалар технологияси”, “Сантехника”, “Пайвандлаш”, “Қуруқ қурилиш ва сувоқ ишлари”, “Сартарошлик”, “Тиббий-ижтимоий ғамхўрлик”, “Компьютер графикаси”, “Электромонтаж ишлари”, “Автомобилларга техник хизмат кўрсатиш” ҳамда “Ошпазлик иши” йўналишлари бўйича 1 минг 18 нафар иштирокчи белгиланган шартлар асосида ўзларининг билим, маҳорат, тажриба ва салоҳиятларини синовдан ўтказди.


– Мен танловнинг “Электромонтаж ишлари” йўналишида иштирок этиб, олган назарий ва амалий билимларимни синовдан ўтказдим, – дейди Асака тумани 2- сон техникуми ўқувчиси Рўзимуҳаммад Абдужалилов. – Албатта, танловда ўз ишини яхши биладиган тенгдошларимиз қатнашмоқда. Ишонаманки, уларнинг ҳар бири ғолиб бўлишга муносиб.
Танлов жараёнида иштирокчиларнинг касбий маҳорати, ишига ижодий ёндашуви, топшириқларни бажариш сифати, замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш даражаси ҳамда меҳнат муҳофазаси қоидаларига амал қилиш борасидаги билим ва маҳоратлари ҳакамлар томонидан холис баҳолаб борилди.
Ўз йўналишида энг яхши деб топилган иштирокчилар танловнинг республика босқичига йўлланма олди.


Танлов ташкилотчилари томонидан алоҳида тақдирлаш маросими ўтказилиб, ғолиб ва совриндорлар муносиб рағбатлантириладиган бўлди.
Мазкур танлов ёшларда касбга муҳаббат, масъулият ва олға интилишни кучайтириш билан бирга, меҳнат бозорида рақобатга бардош бера оладиган, юксак салоҳиятга эга мутахассислар тайёрлаш, малакали кадрлар захирасини шакллантиришга хизмат қилади.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари