Ёзги оромгоҳ: ғоядан грантгача
Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган “Олмос” дам олиш масканида “ННТ ёшлари ёзги оромгоҳи: молиявий барқарорлик ва фандрайзинг” мавзусида ўқув-семинар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоцияцияси, Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбир янги ташкил этилган ННТларнинг салоҳиятини ошириш ҳамда ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган тизимли ишларнинг мантиқий давомидир.

Унда республикамизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган 30 нафар ННТнинг ёш вакиллари иштирок этди. Қайд этилганидек, бугунги кунда фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жараёнларида ёшларнинг иштирокини кенгайтириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Бироқ янги ташкил этилган ННТлар молиявий барқарорликни таъминлаш, маҳаллий ва халқаро донорлар билан ишлаш, шунингдек, грант лойиҳаларини халқаро стандартлар асосида тайёрлаш борасида муайян амалий кўникмаларга эҳтиёж сезмоқда.

Ёзги оромгоҳ мазкур масалаларнинг ечимига қаратилди. Иштирокчилар ўртасида амалий тренинглар, гуруҳ машғулотлари ва фандрайзинг симуляциялари ўтказилди. Жараёнда Ўзбекистондаги маҳаллий грантлар ва ижтимоий буюртмалар экотизими, мақсадли лойиҳаларни шакллантириш талаблари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, ижтимоий лойиҳалар ишлаб чиқишда муаммони аниқлаш ва вазифаларни халқаро SMART усулида белгилаш кўникмалари мустаҳкамланди. Қолаверса, рақамли имкониятлардан фойдаланиш доирасида иштирокчилар ngo.gov.uz электрон платформасида ишлаш ва электрон рақамли имзо орқали ҳужжатларни хатосиз юклаш тартиб-қоидаларини амалиётда синаб кўрди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур ёзги оромгоҳ аниқ амалий натижаларга йўналтирилганлиги билан аҳамиятлидир. Хусусан, тадбир давомида 5 нафар иштирокчи Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган грант танловига ўз лойиҳаларини электрон платформа орқали топширишга муваффақ бўлди. Бу ҳолат ўқув жараёнининг нафақат назарий, балки амалий жиҳатдан ҳам юқори савияда ташкил этилганини намоён этади.

Якунда ҳар бир иштирокчи камида битта маҳаллий ва халқаро грант лойиҳаси қораламасини ишлаб чиқди ҳамда ўз ғояларини ҳимоя қилиш бўйича тажриба алмашди. Ҳудудий ННТлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш ва қўшма ташаббусларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.
А.Мусаев, ЎзА