Самарқанд вилояти хабарлари - қисқа сатрларда
Вилоят ҳокими Адиз Бобоев “Ургут” эркин иқтисодий зонаси Хишрав массивидан аукцион савдолари орқали ер сотиб олиб, саноат, офис ва маиший эҳтиёжлар учун қоғоз маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхонаси қураётган Хитойнинг “Azureflow Paper” компанияси раҳбари Джейсон Ченг билан учрашув ўтказди.
Мулоқотда корхона учун зарур ускуна ва замонавий технологиялар икки ой муддатда олиб келиниши ва қисқа фурсатларда ишлаб чиқариш жараёнлари бошланиб, маҳсулотларни экспортга ҳам чиқариш режалаштирилгани қайд этилди.
***
Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси ташаббуси билан вилоятдаги маҳалла раисларининг фаолият самарадорлигини ошириш, аҳоли билан ишлаш сифатини янада яхшилаш, давлат сиёсати ва амалга оширилаётган ислоҳотларни жойларда самарали тарғиб қилиш мақсадида ўқув-амалий семинарлар ўтказилмоқда.

Семинарларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари, маҳалла раисларининг вазифа ва ваколатлари ҳақида маълумот берилиб, қонунчиликдаги янгиликлар моҳияти тушунтирилмоқда. Шунингдек, аҳоли экологик маданиятини юксалтириш, “Обод хонадон”, “Обод кўча”, “Обод маҳалла” мезонларини ҳаётга татбиқ этиш, қабристонларни ободонлаштириш ва маҳалла сервис компаниялари фаолияти самарадорлигини оширишга оид мавзулар ҳам муҳокама қилинмоқда.
- Бугун маҳалла тизими олдида турган муҳим вазифалардан бири ижро интизомини мустаҳкамлаш, мурожаатлар билан самарали ишлаш, маҳаллаларни рақамлаштириш ва “Рақамли маҳалла” платформасини тўлиқ жорий этишдир, - дейди Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи Исроил Жабборов. - Шу билан бирга, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш, оилавий ажримлар ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ижтимоий реестрга киритилган фуқаролар билан манзилли ишлаш ҳамда “еттилик” фаолиятини самарали мувофиқлаштириш маҳалла раисларидан катта масъулият талаб этади. Семинар давомида мутахассислар томонидан бу борада амалий тавсия ва таклифлар берилмоқда.
***
Иштихон туман спорт мактаби тарбияланувчиси Нигина Ўктамова бокс бўйича жаҳон чемпионати финалида -57 кг вазн тоифасида ҳиндистонлик Прачига қарши рингга кўтарилиб, ҳар уч раундни ҳам кўтаринки руҳда ўтказди ва рақибасига ҳеч қандай имконият қолдирмади.

Якунда 5:0 ҳисобида ғалаба қозонган Нигина Жаҳон кубоги олтин медалини қўлга киритди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА