Ўзбекистон – Туркия: ахборот соҳасидаги ҳамкорликнинг янги босқичи
Бугун Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида “Турк дунёси” Журналистлар федерацияси (TDGF) ва ЎзА раҳбарлари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
“Турк дунёси” Журналистлар федерацияси (Türk Dünyası Gazeteciler Federasyonu – TDGF) 2014 йил Анқара шаҳрида ташкил этилган нодавлат халқаро журналистик бирлашма бўлиб, туркий давлатлар ва жамоалар ўртасида медиа, ахборот, маданият ва жамоатчилик дипломатияси соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришни мақсад қилган. Федерация ўз фаолиятини турк дунёсидаги журналистик ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари ва маданий институтлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратган. Шунингдек, ташкилот ҳужжатли кино соҳасида халқаро лойиҳалар йўлга қўйиб, туркий халқларнинг умумий тарихи ва маданий меросини тарғиб қилиб келяпти. 2024 йил TDGF ташаббуси билан Тошкентда IV Халқаро “Турк дунёси” медиа ва санъат симпозиуми ўтказилган.
Икки мамлакат етакчи ахборот тузилмалари раҳбарлари ўртасида кечган мулоқотда Ўзбекистон ва Туркия стратегик шериклигини янада мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракат изчил давом этаётгани таъкидланди.
Ўзбек ва турк халқлари ўртасидаги муштарак муносабат, айниқса, маданият, санъат, ахборот алмашинуви йўналишларида жадал ривожланаётгани, айни жараёнда ҳар икки мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида мунтазам ахборот алмашиш муҳимлиги қайд этилди.
“Турк дунёси” Журналистлар федерацияси раиси Мендерес Демир ЎзА билан мунтазам алоқани йўлга қўйишдан манфаатдорлигини билдирди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори Абдусаид Кўчимов TDGF билан ахборот алмашиш кўламини кенгайтириш, ходимлар тажриба ва малакасини тизимли ошириб бориш чораларини кўриш мақсадга мувофиқлигини таъкидлади.
– Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланмоқда, – деди Мендерес Демир. – Ҳар икки давлат раҳбарларининг ўзаро расмий ташрифлари натижасида стратегик шериклик мустаҳкамланмоқда. Туркияда Ўзбекистон маданияти ва киноси кунлари, Ўзбекистонда эса Туркия маданияти ва киноси кунлари ўтказилди. Мазкур анжуманлар халқларимизни янада жипслаштирди, дейиш мумкин. Аёнки, мамлакатларимиздаги муҳим воқеалар ҳақида ахборот беришда манба холис ва ишончли бўлиши жуда муҳим. Жорий йил Турк дунёси журналистлари қурултойини Андижонда ўтказишни режалаштиряпмиз. Шунингдек, туркий давлатлар ўртасида ахборот алмашинувини янада кучайтириш, тезкор ва ишончли маълумот тарқатиш мақсадида “Турк дунёси” ахборот порталини ишга тушириш бўйича ҳам иш олиб бориляпти. Ишончим комилки, бу ташаббуслар медиа соҳасидаги ҳамкорлигимизни янги босқичга олиб чиқиб, халқларимиз ўртасидаги яқинликни янада мустаҳкамлайди.
Ўткир Алимов,
Фарҳод Абдурасулов (сурат),
ЎзА