Ётоқхона — талаба учун шунчаки яшаш жойи эмас
Талабалик — инсон ҳаётидаги энг унутилмас даврлардан бири. Янги шаҳар, янги муҳит, мустақил ҳаёт ва катта мақсадлар…
Айниқса, оиласидан узоқда таҳсил олаётган ёшлар учун талабалар ётоқхонаси иккинчи уйга айланади. Бугун олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган кўплаб ёшлар учун ётоқхона масаласи алоҳида аҳамиятга эга. Чунки талаба қаерда ва қандай шароитда яшаши унинг нафақат кундалик ҳаёти, балки ўқиши, дам олиши ва ижтимоий фаоллигига ҳам таъсир қилади.
Маълум қилинишича, сўнгги йилларда талабаларни турар жойлари билан қамраб олиш даражаси сезиларли ошган. Хусусан, 2017 йилда 28 фоизни ташкил этган кўрсаткич 2026 йилга келиб 58 фоизга етказилган. Бугунги кунда давлат олий таълим ташкилотларида 394 та талабалар турар жойи мавжуд бўлиб, уларда 160 985 нафардан ортиқ талабани жойлаштириш имконияти бор. Янги ўқув йили арафасида эса яна 17 та олий таълим ташкилотида 8 минг 332 ўринга мўлжалланган янги талабалар турар жойлари фойдаланишга топширилмоқда. Бу эса минглаб ёшлар учун ўқиш жойига яқин, қулай ва нисбатан арзон яшаш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади.
Бироқ барча талабаларни бир вақтнинг ўзида ётоқхона билан таъминлаш имкони бўлмаган ҳолатларда муқобил ечимлар ҳам қўлланилмоқда. Жумладан, ётоқхона билан таъминланмаган талабаларни ижара хонадонларига жойлаштириш ҳамда ижара тўловининг бир қисмини компенсация қилиш механизмлари амалга оширилмоқда. Бу жараёнда талабаларга амалий кўмак бериш мақсадида 169 та кўмаклашиш маркази ва 767 нафар волонтёр фаолият олиб бормоқда. Улар талабаларга ижара уй-жойларини топиш, жойлашиш ва тегишли масалаларни ҳал этишда ёрдам кўрсатмоқда.
Аслида, ётоқхона талаба учун шунчаки яшаш жойи эмас. Бу янги шаҳарда мустақил ҳаёт бошлаш, янги дўстлар орттириш, ўқиш ва дам олиш учун шароит яратиладиган муҳим муҳитдир. Шу боис талабаларни турар жой билан таъминлаш даражасининг ошиши ёшларнинг таълим олиши учун яратилаётган имкониятларнинг муҳим қисмидир. Янги ўқув йилида минглаб талабалар учун янги ётоқхоналар эшиги очилиши эса уларнинг “Қаерда яшайман?” деган саволидан кўра, “Қандай ўқийман ва қандай натижага эришаман?” деган муҳим мақсадларга кўпроқ эътибор қаратишига имконият яратади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА