Сурхондарёда миллий қадриятлар тарғиботчилари аниқланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Миллий қадриятлар халқнинг маънавий қиёфаси, тарихий хотираси ва авлодлар ўртасидаги маънавий боғлиқликни асраб-авайлашда муҳим ўрин тутади. Уларни ёш авлод онгига сингдириш, миллий ўзликни англаш туйғусини кучайтиришда таълим муассасаларидаги маънавий-маърифий ишлар алоҳида аҳамият касб этади.
Шу мақсадда «Миллий қадриятлар тарғиботчиси» республика танловининг Сурхондарё вилояти босқичи ўтказилди. Танлов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 28 январдаги 34-сон қарори ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг тегишли буйруғи асосида ташкил этилди.
Танловнинг дастлабки босқичида 10–20 июнь кунлари махсус электрон платформа орқали вилоятдаги 647 нафар номзод иштирок этиш учун ҳужжат топширди. Саралаш жараёнлари натижасида 26 нафар мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Беллашув иштирокчилари «Маънавий-маърифий чиқиш» ва тест синови шартлари бўйича ўз билим ва маҳоратини намойиш этди. Танловда иштирокчиларнинг дунёқараши, нутқ маданияти, касбий билими, шунингдек, замонавий ахборот ва ҳуқуқий саводхонлигига баҳо берилди.
[gallery-31037]
Якуний натижаларга кўра, Бойсун туманидаги 1-сонли умумтаълим мактабининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Шерзод Қулмаматов биринчи ўринни эгаллади. Денов туманидаги 84-сонли мактабнинг шу йўналишдаги масъули Шерзод Митанов иккинчи, мазкур туманда жойлашган 4-сонли умумтаълим мактаби вакили Наргиза Мустафоева учинчи ўринга сазовор бўлди.
Шу тариқа, вилоят босқичида энг юқори натижани қайд этган Шерзод Қулмаматов танловнинг республика босқичида Сурхондарё вилояти шарафини ҳимоя қилади.
Ғолиб ва совриндорлар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Мазкур танлов миллий қадриятларни кенг тарғиб этиш, уларни ёш авлод онгига сингдириш, таълим муассасаларидаги маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ҳамда илғор тажрибаларни оммалаштиришга хизмат қилмоқда.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА