Байрам ярмаркаларида маҳсулотлар арзонми? (+видео)
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллик тўйини муносиб кутиб олиш ва аҳолига байрам кайфиятини улашиш мақсадида пойтахт бозорларида ҳам байрамолди арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилмоқда. Республикамиз ҳудудларида нозу-неъматлар саралаб олиниб, энг яхшилари халқимиз дастурхонига тортиқ қилиняпти.
Бугун нафақат бозор маъмурияти, балки Республика фермерлар кенгаши ҳам бозорларимиз тўкин бўлишига катта ҳисса қўшмоқда. Масалан, Яшнобод туманидаги “Авиасозлар деҳқон бозори” АЖ ҳудудида айём олдидан расталар байрамона безатилди, махсус саҳналар ўрнатилиб, концерт дастурларига шароит ҳозирланди. Бу ерда усти ёпиқ ўриндиқларда ҳордиқ чиқариб, жонли концерт дастурларини маза қилиб тинглаш мумкин. Шунинг ўзи байрам шукуҳини янада оширади.
Шу билан бирга Бухоро вилояти деҳқонларининг ҳам пойтахт аҳолисига ўз байрам туҳфаси бор. Халқимизга мева-сабзавотларни “Даладан дастурхонга” тамойили асосида тезкор етказиб бериш учун фермер даласидан тўғридан-тўғри олиб келишга транспорт воситалари жалб қилиниб, маҳсулотлар арзонлаштирилган нархларда ҳар куни бозор расталарига чиқарилмоқда. Бозор маъмурияти улар учун барча шароитларни яратиб берди. Бунинг учун 24 та байрам расталари ҳозирланди. Шунингдек, йил давомида ташкил этилган арзонлаштирилган маҳсулотлар ярмаркаси фаолияти ҳам нархлар барқарорлигига хизмат қилмоқда.
Маҳсулотларда узилиш бўлмаслиги ва пойтахтликларнинг байрам дастурхони тўкис бўлиши ва нарх-навонинг кескин ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида Бош Прокуратура департаменти ташаббуси билан озиқ-овқат таъминоти захираси яратилди. Бозор омборларида шу кечаю-кундузда 30 тонна картошка, 20 тонна пиёз, 10 тонна гуруч, шакар ва ёғ каби халқ истеъмолига зарур бўлган барча озиқ-овқат маҳсулотлари захира қилиниб, пешма-пеш расталарга чиқарилмоқда.
Мазкур ярмаркалар орқали бободеҳқон томонидан етиштирилган сархил мевалар, сабзавот ва полиз, шунингдек, аҳоли эҳтиёжи учун зарур асал, сут, тухум, гўшт, балиқ, умуман, 50 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар харидорларга арзон нархларда етказиб берилмоқда.
Байрам тадориги билан юрган харидорлар ва сотувчиларнинг фикрлари билан қизиқдик. Улар арзонлаштирилган байрам ярмаркалари фаолиятидан мамнун эканликларини билдиришди.
Аҳоли эҳтиёжига қараб, ишлаб чиқарувчилар билан шартнома қилингани ҳам нархларга ижобий таъсир қилмоқда. Хуллас, халқимиз кайфиятини кўтариш, байрамни кўтаринки рухда, муносиб кутиб олиш мақсадида ташкил этилган байрам ярмаркалари барча ҳудудларда, аҳоли учун қулай жойларда давом этмоқда.
Санжар Тошпўлатов, Ойбек Давронов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА