Ёш сиёсат етакчилари
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармасида “Ёшлар — Ўзбекистоннинг олтин фонди” мавзусида ёшлар анжумани ўтказилди. Тадбирда “Ёш сиёсат етакчилари” дастурининг расмий тақдимоти ўтказилиб, унга старт берилди.
Мазкур дастур ёшларнинг сиёсий билим ва кўникмаларини ошириш, уларнинг жамоатчилик ва сиёсий жараёнлардаги иштирокини кенгайтириш ҳамда замонавий фикрлайдиган, ташаббускор ва масъулиятли янги авлод сиёсий лидерларини шакллантиришга қаратилган.
Дастур доирасида ёшларнинг сиёсий жараёнларни англаши, давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кучайтириш, етакчилик салоҳиятини ривожлантириш ҳамда ўз ғоя ва ташаббусларини илгари суриш учун имкониятлар яратиш мақсад қилинган.
“Ёш сиёсат етакчилари” дастурининг асосий ғояси — ёшларни сиёсат ҳақида гапирувчи эмас, балки жамият тараққиёти учун масъулиятни ўз зиммасига оладиган сиёсий лидерлар сифатида шакллантиришдир.
Тақдимот жараёнида дастурнинг мақсад ва вазифалари, асосий йўналишлари ҳамда ёшлар учун яратиладиган имкониятлар ҳақида маълумот берилди. Иштирокчилар дастур юзасидан ўз фикр ва таклифларини билдирдилар.
Тадбирда таъкидланганидек, бугун ёшларнинг сиёсий ва жамоатчилик фаоллигини ошириш нафақат уларнинг шахсий ривожи, балки мамлакатнинг келгуси тараққиёти учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу маънода, “Ёш сиёсат етакчилари” дастури — ёшларни сиёсий жараёнларга тайёрлашнинг навбатдаги босқичи, уларнинг сардорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш ва келажакдаги сиёсий элитани шакллантиришга қаратилган ташаббус сифатида намоён бўлмоқда.
Шунингдек, тадбир доирасида бир гуруҳ фаолларга “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишони топширилди.
М.Комилова,
ЎзА